“Заковат” дўстликка чорловчи баҳс бўлди
8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши билан ҳамкорликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходималари учун “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа, Божхона, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Миллий гвардия, 9202 ҳарбий қисм аёл ходималаридан таркиб топган 6 та жамоа иштирок этди.

Зукколик, тезкорлик, юқори билим ва салоҳият талаб этувчи мазкур интеллектуал ўйин қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Ақл чархлаш синовлари жамоаларни бирдамлик ва аҳилликка чорлаб қолмасдан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идоралари ходималарининг дўстлашишига замин яратди.

Ўйин якунига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жамоаси биринчи, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси жамоаси иккинчи, божхоначи аёллар фахрли учинчи ўринни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири