“Умрнинг гултожи, муқаддас аёл!” (+видео)
Фото кўргазма
Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазмалар саройида 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги фотомухбири, Бадиий академия ижодкорлар уюшмасининг аъзоси Махсетбай Хабибуллаевнинг “Умрнинг гултожи, муқаддас аёл!” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси У.Утегенова, Қорақалпоғистон халқ рассоми С.Байбосинов ва бошқалар сўзга чиқиб, таниқли фотомухбирнинг ижодий фаолиятига, кўргазмада намойиш этилаётган фото суратларнинг аҳамиятига тўхталди.
Кўргазмада ижодкорнинг 80 дан ортиқ фото сурати жой олган. Ушбу суратларда асосан Оролбўйида турли касбда фаолият юритаётган аёллар нафосати акс этган. Таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, миллий қўл ҳунармандчилиги, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган аёллар сиймоси журналистика соҳасининг фото очерк, фото хабар, фото корреспонденция, фото репортаж жанрлари орқали очиб берилган. Кўргазмага қўйилган асар қаҳрамонлари Оролбўйини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни изчил амалга оширишга ўзларининг билими, иқтидори ва куч-ғайратини қўшаётган фидойилар ҳисобланади.
– Кўргазмада намойиш этилган ҳар бир расмда турли соҳаларда эркаклар билан бир сафда фидокорона меҳнат қилиб келаётган аёлларимизнинг сиймоси акс этган, – дейди “Янги Ўзбекистон” газетасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича мухбири Минажатдин Қутлимуратов. – Албатта, бунда фото журналист М.Хабибуллаевнинг касб маҳорати кўзга ташланади. Шунинг учун ҳам кўргазма томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА