Оролбўйида сумалак сайиллари бошланди

150

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 февралдаги “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” қарори ижроси юзасидан Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида, чекка қишлоқларида кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 февралдаги “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” қарори ижроси юзасидан Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида, чекка қишлоқларида кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 

Наврўз сабаб элимизга унутилаётган анъаналаримиз, ўлан, ёр-ёрларимиз қайтди. Энг асосийси, бу йилги Наврўз юртбошимиз ташаббуси билан “Қадриятларинг мангу бўлсин, Наврўзим!” деган шиор билан бошланиши ҳар бир қалбда илиқлик ҳиссини уйғотмоқда. Хуллас, обод манзилларда байрам шукуҳи кезмоқда. Йўллар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, барчаси байрамона тусга кирмоқда. Ободлик ва байрам кўнгиллардан бошланади. Байрам арафасида муҳтожларни йўқлаш, яқинлардан хабар олиш ҳам бир қадриятдир.

Дарҳақиқат, бу мунаввар айём кейинги йилларда Ватанимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди. Айниқса, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да нишонланадиган бу йилги Наврўз шодиёналари муборак Рамазон ойига тўғри келишида ҳам ўзига хос чуқур ва рамзий маъно бор.

Ҳар йилдагидек байрам арафасида шаҳар ва туманларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш акциялари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирлар амалга оширилади. Бу йилги Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида кекса авлод вакилларини, хусусан, уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларидан, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиниб, турли хайрия тадбирлари ўтказилмоқда. Барча овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона, ташкилот ва муассасаларда дошқозонларда сумалак ва миллий таомлар тайёрланиб,  миллий спорт турлари бўйича мусобақалар, ҳунармандлар ва ёш рассомлар, миллий таомлар кўргазмалари намойиш этилади. От чоптириш, қўчқор, хўроз уруштириш, кураш, варрак учириш, тош кўтариш каби миллий ўйинлар Наврўз сайлига ўзгача уйғунлик бахш этади.

– Наврўз – янгиланиш, янги кун дегани. Наврўз баҳор фаслининг кириши билан уйғунлашиб, табиатга  янада чирой, кўрк бағишлайди, – дейди Тўрткўл туманидаги “Яшнобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, “Шуҳрат” медали соҳибаси Ўрингул Аллабергенова. – Аждодларимиз  Наврўзни “кўкка етган кун” сифатида қадрлашади, шукр қилишади. Наврўз дов-дарахтларнинг уйғониши, сойларнинг тўлиб оқиши, деҳқонларимизнинг ерга ризқ уруғини қадаши билан ҳам янада жозиба бахш этади. Ердан униб чиққан кўк майсаларни юзларига, пешоналарига суртиб, момоларимиз “омонлик, омонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик” дея тилак билдиришади. Хаста беморларга шифо, олисдаги яқинларга сафари бехатарлик тилашади. Яхши ниятлар билан дошқозонларда сумалаклар қайнатилиб ҳамжиҳатлик рамзи сифатида бир-бировга тортиқ қилишади.

Дарҳақиқат, катта оила бўлмиш мамлакатимизда яшовчи 130 дан зиёд миллат вакили Наврўзни бирдай шодиёна қилишади. Бир қозондан таом еб, тўйлари, ўйлари, орзу, мақсадлари муштарак бўлиб кетган халқимиз бу байрамни  ҳар йили интиқлик билан кутади.

Маҳалла фуқаролар йиғинимизда  6 минг 186 нафар 7 миллатга мансуб аҳоли иноқ яшайди. 1 минг 237 хонадон, 1 минг 774 оила мавжуд. Ҳудудда 2 та умумий ўрта таълим мактаби, 2 та болалар боғчаси, 1 оилавий шифокорлик пункти фаолият кўрсатади. Маҳалламиздаги мавжуд 43 кўчада озодалик, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Наврўз баҳона 2 нафар ёлғиз яшовчи, 6 нафар ногиронлиги мавжуд, 2 та боқувчисини йўқотган оилага ҳомийлик ёрдами кўрсатилади. Ҳудуддаги “Мўнтиқ бобо” ва “Жаббор ота” қабристонларида ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан хабар олиб, уларнинг томорқасига мевали, манзарали ниҳоллар экиб бериш, меҳр-мурувватга муҳтож  фуқаролар ҳолидан хабар олиш режалаштирмоқда.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири