Ҳуқуқий муаммоларга ечим топиш доимий назоратда

Аҳолини қийнаб келаётган ҳуқуқий муаммоларга ечим топиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Тошқулов томонидан Чимбой туманида сайёр қабул ўтказилди.
Унда туман ҳокими Айбек Тажетдинов, ҳудуддаги давлат идоралари, ташкилотлари раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сайёр қабулда фуқароларнинг меҳнат низолари, кадастр, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини расмийлаштириш, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва бошқа бир қатор масалалар бўйича мурожаатлар қабул қилинди.

-Мурожаатларнинг 8 таси жойида ҳал қилиниб, 14 нафар фуқаронинг мурожаати ўрганиб чиқиш учун иш юритувига олинди. Шунингдек, 20 дан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилди,-дейди Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги мутахассиси Нурия Бердиниязова.
Шунингдек, ўзининг хизмат сафари давомида Адлия вазири Акбар Ташкулов Чимбой туман адлия бўлими фаолияти билан танишиб, давлат хизматлари марказида фуқароларга яратилган шарт-шароитлар, кичик кутубхона, Wi-Fi ҳудуд, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари фаолиятини кўздан кечирди.
Тадбирда тизим ходимлари билан мулоқот қилиниб, аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш ва онлайн маҳалла платформаси орқали келиб тушган ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш, бу борада “маҳалла еттилиги” билан доимий ҳамкорлик қилиш зарурлиги таъкидланди. Учрашув мобайнида давлат ва ҳуқуқий хизматлар сифатини янада ошириш юзасидан ходимларнинг таклифлари тингланиб, зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси