Омбудсман ҳар бир инсон ўзини ҳимояланган эканини ҳис қилишига ҳаракат қилмоқда

279

Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий кафолатларини янада кучайтириш ҳамда бу соҳа билан боғлиқ амалдаги механизмларни янада такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Омбудсман институтининг фаолият йўналишлари ҳам такомиллашиб бормоқда.

Омбудсман мамлакатимиздаги ҳар бир инсон ўзини ҳимояланган эканини ҳис қилишига, уларнинг ҳуқуқлари кафолатланишини таъминлашга интилмоқда.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмиталарининг қўшма мажлисида парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси эшитилди.

Қайд этилганидек, 2024 йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар 23 минг 422 тани ташкил этди. Унинг 6,5 мингтаси ижтимоий ҳуқуқлар, 6 мингдан зиёди иқтисодий ҳуқуқлар, 3 минг 392 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, 3 мингга яқини мурожаат этиш ҳуқуқи ҳамда сиёсий ҳуқуқлар, 282 таси экологик ҳуқуқлар ҳамда 1,5 мингга яқини бошқа масалаларга оид бўлган.

Таъкидланганидек, бугунги кунда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

2024 йилда экологик ҳуқуқлар йўналишида келиб тушган 282 мурожаатнинг 51 таси назоратга олиниб, ваколатли давлат органларига Омбудсманнинг сўрови киритилган. 118 таси тегишли давлат органларига кўриб чиқилиши учун юборилган ва 19 таси бўйича тушунтиришлар берилган. Назоратга олинган мурожаатларнинг 72,5 фоизи ижобий ҳал этилишига эришилган.

Ўрганишлар давомида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ноқонуний қурилиш ишларининг тўхтатилишига эришилган. Икки ҳолатда ўзбошимчалик билан қурилган иншоотларни буздириш бўйича судга даъво ариза киритилган. Шунингдек, тоза атроф – муҳитга бўлган ҳуқуқлар масаласида 54, тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида 17, санитария – эпидемиология масаласида 12 мурожаат келиб тушган.

Мурожаатлар юзасидан Омбудсманнинг юборган сўровлари натижасида Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 50 гектар ер майдонида жойлашган 19 йиллик дарахтлар кесилишининг олди олинган. Тошкент вилояти Чиноз тумани “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги қувурлар тозаланиши таъминланган.

Шу билан бирга, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қатор чоралар кўрилди.

Хотин-қизлардан фарзандлари таъминоти учун алимент ва молиявий кўмак олиш бўйича 298 мурожаат назоратга олиниб, уларнинг 197 таси (66,1 фоизи) ижобий ҳал этилди, 5 нафар вояга етмаган боланинг мактабга қабул қилинишида кўмаклашилди.

Мажлис якунида кўрилган масала юзасидан қўмиталарнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА