Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари кучайтирилади

Бош прокуратурада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишланган республика идоралараро йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган мазкур йиғилишда Парламент ва Ҳукумат аъзолари, соҳага масъул вазирлик ва идоралар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимлар, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, Республика ва ҳудудий идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб ва ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди.
Бош прокурор Н.Йўлдошев бошқарган йиғилишда давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси, йўл қўйилган хато ва камчиликлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда йўл қўйилган хато-камчиликлар аниқ рақамлар ва мисолларда кўрсатиб ўтилиб, галдаги вазифалар белгиланди.
Жумладан, намунали хавфсиз йўлак ва кўчаларни ташкил этиш, маҳаллаларни тўлиқ видеокузатув билан қамраб олиш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, “маҳалла еттилиги” томонидан “ижтимоий профилактика” тамойили асосида фаолиятни янада жадаллаштириш, ҳар бир “қизил” ва “сариқ” тоифали маҳаллалар бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Тадбир давомида ҳудудлар ҳамда вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, масъул ходимларининг тушунтириш ва ахборотлари эшитилди.
Йиғилиш якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва муҳокама қилинган соҳаларда фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА