Байрам обод маҳаллада серфайз ўтади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 февралдаги «2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, жойларда байрамга тайёргарлик ишлари ва «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги тадбирлар кўтаринки руҳда бошланди. Шуманай туманида ҳам «Наврўз» байрами ва «Яшил макон» лойиҳасига бағишланган умуммиллий ҳашарга тайёргарлик кўрилмоқда.
Туманда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, Наврўз байрами арафасида туманнинг барча қишлоқ, кўча, маҳаллаларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умуммиллий шанбалик ўтказиш бўйича штаб йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда туман ҳокими, ўринбосарлари, корхона, муассаса, ташкилот ходимлари ва маҳалла раислари иштирок этиб, режалаштирилган ишларни самарали ташкил этиш бўйича ҳудудлар кесимида топшириқлар берилди.




Таъкидланганидек, 2025 йилги Наврўз умумхалқ байрами юртимизда «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган эзгу ғоя асосида умумхалқ саиллари тарзида юксак даражада кенг нишонланади.
Байрам тадбирларида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлашга, жамиятнинг ҳеч бир аъзосини меҳр ва эътибордан четда қолдирмасликка, маҳаллаларни ободонлаштиришга катта эътибор қаратилади. «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил иқтисодиёт» йилида нишонланадиган бу йилги Наврўз байрамининг кўп миллатли жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашдаги ўрни алоҳида.
Дарҳақиқат, янгиланиш ва яшариш мавсумида тозалик ва ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилса, обод маҳаллада, обод кўча ва хонадонда ўтказилган Наврўз байрамининг кайфияти ўзгача бўлади.
Айни пайтда жойларда ободонлаштириш ишлари бошланиб кетди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги