Маҳаллаларга бир кунда 10 минг туп олча кўчатлари етказиб берилди

Қарор ва ижро
Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида дала четларига, каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларга экспортбоп экинларни экиш муҳим вазифа этиб белгиланди.
Шунингдек, аҳолига тегишли томорқаларда, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олдида, маҳаллаларнинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни самарали ташкил этиш ва кўпайтириш орқали мамлакат экспорт кўрсаткичларини ошириш мақсадида вазифалар ҳам белгиланди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ташкил этиш бўйича Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига дала четларида ва аҳолига тегишли томорқаларда, хўжаликлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида маҳсулот етиштириш, қишлоқ хўжалиги субъектларига уруғ ва кўчатларни етказиб бериш, етиштирилган маҳсулотларни экспортга йўналтиришни ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Мазкур қарордан келиб чиққан ушбу ва бошқа вазифаларни, шунингдек, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И.Эргашев бошчилигида Хўжайли туманидаги Саманкўл, Қумжиққин, Амударё ва Кун нури маҳаллалари аҳолиси учун кўргазмали семинар ташкил этилди.
Семинарда туман ҳокими Ж.Эрмашев, тегишли соҳа мутахассислари, маҳалла еттилиги вакиллари ва ҳудуд аҳолиси иштирок этди.
Сўзга чиққанлар «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қуритиш, иссиқхоналардан самарали фойдаланиш ва шу орқали аҳоли даромадларини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Бу ишларни бошлаб юбориш мақсадида бириктирилган вакил И.Эргашев томонидан ҳудуд аҳолисига яқиндан ёрдам кўрсатиш мақсадида, мавсум давомида жами 100 минг туп олча кўчатларини етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, шу куннинг ўзида 10 минг туп олча кўчатлари, бел, кетмон, челак ва бошқа меҳнат қуроллари бепул тарқатилди.


Шундан сўнг кўчатларни тўғри экиш ва парваришлаш бўйича кўргазмали семинар ўтказилиб, усуллари тушунтирилиб, ҳудуд аҳолиси иштирокида яхши ният билан кўчатлар ўтқазилди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги