«Ақлвой» автобуси билан узоқ қишлоқлардаги ўқув дарслари бошланди

305

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мобил малака ошириш хизматлари асосида ташкил этилган автобус Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат маркази учун ҳам ажратилиб, ушбу мобил малака ошириш хизматлари республикамизнинг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотларининг педагог кадрлари учун ўз ишини бошлаб юборди.

Мобил малака ошириш хизматлари аудитория кўринишидаги қайта жиҳозланган автобус асосида ташкил этилган бўлиб, ушбу автобус бир вақтнинг ўзида 14 нафар педагогга дарс ўтиш учун ўқув жойлари, 10 та NR русумли ноутбук, 1 дона 65 дюймли интерактив монитор, ёзув доскаси, 1 та интернет тарқатувчи қурилма WI FI роутер билан қайта жиҳозланган.

Бу автобусдан олис ва чекка ҳудудларда яшовчи давлат ва хусусий мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматларини кўрсатиш, яъни узлуксиз касбий ривожлантириш («методик маҳорат куни» ва «методик маҳорат дарси») тадбирларини тегишли ҳудудларга борган ҳолда ўтказиш, тренинг, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш мақсадида фойдаланилади.

Бугун ушбу махсус автобус Нукус шаҳридаги шаҳарга узоқ Қоратов МФЙ ҳудудида жойлашган 44-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига бориб, бу ердаги педагогларга ўзлари яшайдиган ва ишлайдиган жойларидан узоқлашмаган ҳолда узлуксиз касбий ривожланиши, билимларини янгилаши учун имконият яратилди.

Бу ерда тажриба-синов тариқасида Мактабгача бошланғич ва махсус таълим методикалари кафедраси ўқитувчилари томонидан ташкилотнинг педагог кадрлари учун мобил малака ошириш курси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг жорий йил 19 февралдаги махсус буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ўқув дастури ишлаб чиқилган. Ўқув дастурида турли мавзулар ўрин олган бўлиб, масалан, «Гўзал баҳор» мавзусида, эрта ёшдан болаларнинг расм чизиши, расм чизишда қўлланиладиган усул ва технологиялар ҳақида тушунча бериш, «Мавсумий ўзгаришлар» мавзусида соҳалар асосида мақсадларни белгилаш, мавзудаги мақсадларни амалга ошириш усуллари, технологиялари, таълим фаолиятида фойдаланиладиган кўргазмали ва тарқатма воситалар, «»Халқ манбалари» мавзусида болаларни миллий қадриятлар, анъаналар асосида ривожлантиришнинг самарали усулларини ўргатиш ва бошқа шу каби долзарб вазифалар белгиланган.

– Мобил малака ошириш курсида шу мавзу ва йўналишларда тегишли дарслар ўтилиб, ушбу олис аҳоли пунктидаги мактабгача таълим ташкилотида ишлаётган хотин-қизлар Нукусга овора бўлиб келиб, малака ошириш дарсларига қатнашдан қутулиб, ўз оиласи ёнида бўлишига имконият яратди, – дейди Мактабгача бошланғич ва махсус таълим методикалари кафедраси мудири Байрамбай Утемуратов.

Бу борадаги ишлар белгиланган график асосида республикамизнинг бошқа узоқ қишлоқларидаги ташкилотларда ҳам амалга оширилиши белгиланган.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги