Франциянинг “ядро соябони” Европани ҳимоя қила оладими?

Ўтган аср 60-йилларида “Франциянинг стратегик мустақиллик сиёсати”ни бошлаб берган ўша пайтдаги Президент Шарль де Голль охир-оқибат ҳақ бўлиб чиқмоқда:
– Албатта, америкаликлар руслардан кўра бизга яқинроқ, аммо АҚШнинг ҳам ўз манфаати бор ва бир кун келиб икки томон хоҳиши бир-бирига тўқнаш келади. ВВС ёзишича, де Голль ўйлаб топган “суверен ядровий тўхтатувчи” тушунчаси ҳозир Европа хавфсизлиги бўйича мунозара марказида бўлиб турибди.
Франция ва Буюк Британия Европа қитъасида ядро қуролига эга икки давлат. Ҳозир французлардаги мавжуд 300 ядро каллаги самолёт ёки сув ости кемасидан отилиши мумкин.
Инглизлар эса 250 га яқин “хавфли қурол”га эгалик қилмоқда. Асосий фарқ шундаки, фаранг захираси суверен, яъни тўлиқ Франция томонидан ишлаб чиқилган, Британия эса АҚШ техник ёрдамига таянади.
Яқинда Президент Эммануэль Макрон ўз мамлакати ядровий қудрати Европадаги бошқа давлатлар мудофааси учун қалқон бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ғояни илгари сурди.
Аслида Франция етакчиларининг ҳаммаси қитъадаги айрим мамлакатлар аллақачон соябон остидалигига ишора қилган. Масалан, 1964 йил де Голль собиқ иитифоқ Германияга ҳужум қилса, Франция албатта жавоб йўллашини айтган.
Ўтган ой ГФРнинг навбатдаги Канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц айни мавзу бўйича Париж ва Лондон билан муҳокама қилиш вақти келганини айтиб, ҳамкорларни ҳайратда қолдирди.
Тахминга кўра, Франция ядро қуроли ортилган самолётларини Германия ёки Польшага жойлаштириши мумкин. Сўнгги қарорни барибир Президент чиқаради.
Мусулмон Зиё, ЎзА