Трамп НАТО аъзоларига ишонмаяпти

Президент Дональд Трамп НАТОнинг бошқа аъзолари зарур бўлганда АҚШни ҳимоя қилишга тайёрлигига шубҳа қилиши, иттифоқ салоҳиятга эга бўлса-да, мудофаа харажатидаги адолатсизлик баҳоланиши кераклигини билдирди.
– НАТОнинг салоҳияти юқори, лекин биз тузилма ҳақида яхшилаб ўйлаб кўришимиз керак, – деган у Оқ уйда. – Ҳозир жуда адолатсиз воқеалар содир бўлмоқда. Мен келишимдан олдин АҚШ мудофаа учун деярли 100 фоиз тўлаган. Шунингдек, бошқалар бизни савдода ҳам алдаяпти.
Таъкидланганидек, Альянсга нисбатан билдирилаётган асосий эътироз шунда: Европанинг Қўшма Штатларни ҳимоя қилишга тайёрлиги шубҳа остида.
– НАТО билан боғлиқ энг асосий бир муаммо бор, – дейди Трамп. – Тўғри, йигитларни биламан, улар менинг дўстларим. Бинобарин, АҚШда муаммо пайдо бўлиб, мурожаат қилсак, улар бизни ҳимоя қилиш учун келади, деб ўйлайсизми? Ҳар ҳолда, мен бунга ишонмайман.
Америка етакчиси таъкидлашича, ўзи бошчилигидаги Қўшма Штатлар умумий мудофаа учун етарли маблағ ажратмаётган НАТО давлатларини ҳимоя қилмайди.
– Соғлом фикр шуки, тўламаса, биз уларни ҳимоя қилмаймиз, – деди Оқ уй раҳбари. – Айни фикр билдирилганда ҳар доим “У НАТОни бузяпти” қабилида қизғин баҳс-мунозара юзага келади.
Америка раҳбари таъкидлашича, Токио ва Вашингтон ўртасида ҳам худди шундай вазият юзага келган. Қўшма штатлар Японияни ҳимоя қилиши керак. Кун чиқар юрт эса бунга мажбур эмас, лекин АҚШ билан иқтисодий ҳамкорликдан манфаат кўрмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА