Жиддада ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтди

248

Саудия Арабистони Жидда шаҳрида ташкил этилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгаши навбатдан ташқари йиғилишида Фаластиндаги вазият муҳокама қилинди.

ИҲТ Ахборот агентликлари иттифоқи UNA-OIC маълум қилишича, талбир Кенгашга раислик қилган Камерун Республикаси ташқи ишлар вазири Луген Мбела Мбеланинг нутқи билан бошланди.

У мазкур мулоқот Фаластин – Исроил муносабатидаги ўзгаришлар, жумладан фаластинликларни кўчиришга чақириқ янграётган бир пайтда ўтаётганини таъкидлаб, юзага келган вазиятни ҳаққоний баҳолаш, келажакка назар ташлаш учун бир тин олиш, шу билан бирга ташкилот Низоми ва БМТнинг тегишли қарорларига мувофиқ, ушбу муҳим масала бўйича муштарак ёндашувни сақлаб қолиш зарурлигини қайд этди.

ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Араб саммити томонидан қабул қилинган Ғазо секторини қайта қуриш режасини яна бир бор қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам иштирок этди.

– Умумий фаровонлик йўлидаги ҳамжиҳатлик жуда муҳим, – деди вакилимиз. –  Атрофимизда содир бўлаётган чақириқлар бўйича мунтазам алмашинув ва мулоқотни давом эттириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Биз барча ҳамкорлар билан дўстона алоқани кенгайтириш тарафдоримиз.

Жиддага сафари давомида мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауд билан учрашиб, кенг қамровли қўшма инвестиция дастурини амалга ошириш, иқтисодий шериклик, хусусан туризмни янада ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди. Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё алоқаларини кенгайтириш ҳамда долзарб халқаро масалалар бўйича мулоқотни кучайтириш мақсади ўзаро маъқулланди.

– Мунтазам мулоқот ва алмашинув мамлакатларимиз стратегик шериклигини мустаҳкамлайди, – дейди Б.Саидов Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан билан кечган суҳбат ҳақида гапираркан. – Икки давлат раҳбари имзолаган келишувлар ижросини вақтида таъминлаш, IV Олий даражадаги стратегик кенгашни Тошкентда ўтказиш, Имтиёзли савдо тўғрисидаги шартномани янгилаш каби муҳим мавзуларни муҳокама қилдик.

Вазиримиз мисрлик ҳамкасби Бадр Абдулъатий билан музокара чоғида республикамизнинг Қоҳира билан алоқани мустаҳкамлаш, мавжуд ҳамкорликни кенгайтириш мақсадини билдирди.

2025 йилга мўлжалланган бой ва кўп қиррали кун тартиби, жумладан олий даражадаги мулоқот, сиёсий маслаҳатлашувнинг 12-давраси, парламент алмашинуви, Ҳукуматлараро қўшма комиссия 8-йиғилиши режаси келишиб олинди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари икки давлат муносабатлари янада чуқурлашишига ишонч билдирди.

Ўмон ташқи ишлар вазири Саййид Бадр бин Ҳамад Ал-Бусайдий билан учрашувда мамлакатларимизнинг фойдаланилмаган улкан салоҳиятини очишга интилиш, сиёсий маслаҳатлашув, Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши, тадбиркорлар алмашинуви, тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиш сингари долзарб масалалар юзасидан музокара ўтказиш орқали алоқани янада мустаҳкамлаш устувор вазифа бўлиб қолаётгани таъкидланди.

Кувайт ташқи ишлар вазири Абдулла Али Ал-Яҳё билан суҳбат давомида Ўзбекистон Президентининг Кувайтга муваффақиятли ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш, муҳим тармоқлар бўйича ҳамкорлик кўламини кенгайтириш мақсад қилингани тасдиқланди. Ўзаро сармояни кўпайтириш, стратегик шерикликни кенгайтириш, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ҳамкорлик устуворлигини сақлаб қолиши маъқулланди.

Бахтиёр Саидов нуфузли анжуман доирасида Баҳрайн ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид Ал-Заёний билан учрашиб, дипломатия, савдо ва сармоя соҳаларидаги ўзаро муносабатни мустаҳкамлашга интилишни тасдиқлади. Юқори даражадаги, жумладан Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқоти иккинчи саммити доирасидаги алмашинувнинг аҳамияти таъкидланди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари мазкур йиғилишида Фаластин Бош вазири, ташқи ишлар вазири Муҳаммад Мустафо ҳамкорларни Ғазони қайта тиклаш бўйича Фаластин – Миср режасини қўшма араб-ислом режаси сифатида қабул қилишга чақирди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА