Ёш ҳарбийлар уйга қайтди

203

Ватан олдидаги муқаддас бурчни бажариб, Андижон, Наманган, Сурхондарё, Навоий, Бухоро вилоятларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, захирага бўшатилган 300 нафарга яқин қорақалпоғистонлик ёш “Нукус” темир йўл вокзалида тантана билан кутиб олинди.

Йигитларни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси, Қуролли Кучлар фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ота-оналар қарши олди.

Кутиб олаётганлар эгниларида ҳарбий либоси ярашган норғул ўғлонларни бир йил олдин бу ўспиринлар бугун анча улғайиб, куч қувватга тўлганини эътироф этди. Шунингдек, халқнинг осойишталигини ҳимоя қилиш ҳақиқий мардларнинг иши эканлиги ҳам таъкидланди.

Кўзларида қувонч ёши билан фарзандларини бағрига босаётган ота-оналар, зиммасига юклатилган масъулиятни шараф билан адо этиб келган мағрур ўғлонларнинг бахтиёр чеҳралари, уларни кузатиб турганларнинг қувончи атрофни байрам кайфияти билан чулғаб олди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ижросидаги ҳарбийча куй ва наволар эндигина хизматдан қайтаётган йигитлар ҳаёлига армия сафларида ўтган қувончли кунларни, ҳаётга тоблаган машаққатли машғулотларни, бирга елкама-елка сафда турган сафдошларни, панд-насиҳати билан устозга айланиб қолган командир ва бошлиқларни ёдга солган бўлса, ажаб эмас.

Албатта, ҳаёт мактабини ўтаган, дунёқараши кенгайиб, қатъиятли бўлиб келган йигитлар ўз олдига қўйган мақсадларига эришиб, келгусида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровон ҳаёти учун фидойи, юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўша оладиган фидойи инсон бўлишга ҳаракат қилишади.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири