Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тадбиркор аёллар кенгаши ташкил этилади

209

Аёлларимизни безовта қилаётган энг катта масала, бу – ишсизлик. Шу боис, мамлакатимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича катта дастурлар амалга оширилаяпти. Ўтган йилнинг ўзида бу мақсадларга 17 триллион сўм кредит ажратилди. Ана шундай эътибор туфайли аёл тадбиркорларимиз ўтган йили 81 триллион сўмлик маҳсулот яратиб, 450 миллион долларлик экспортни амалга оширгани, албатта, таҳсинга сазовордир.

Масалан, Навоий шаҳрида қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркор Шаҳноза Каримова 50 нафар эҳтиёжманд хотин-қизни ўқитиб, ишга олган. Шулардан 10 нафарига уй-жой сотиб олиш учун бошланғич тўловни тўлаб берган.

–Энг муҳими, бундай саховатпеша тадбиркор аёллар барча ҳудудларимизда кўплаб топилади. Улар “Мен – бунёдкор аёлман” деган лойиҳани илгари суриб, маҳаллаларда минглаб аёлларни касб-ҳунарга ўқитиб, даромадли қилиш ташаббусини билдиргани, тўғриси, мени жуда руҳлантирди. Ўзига катта ижтимоий масъулият олган мана шундай ишбилармон хотин-қизларни “Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор аёллари” деб биламан ва уларга чуқур миннатдорлик изҳор этаман. Уларга қандай қўшимча шароит ва енгилликлар керак бўлса, яратиб беришга тайёрман.

Шу борадаги амалий қадам сифатида Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тадбиркор аёллар кенгашини ташкил этсак, нима дейсизлар, – деди Президент Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар байрамида сўзлаган нутқида. – Ушбу кенгаш жойларда аёл тадбиркорларни қийнаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш бўйича тўғридан-тўғри парламент олдига масала қўйса, ўйлайманки, айни муддао бўлади.

Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова бу ишларга бош-қош бўлишм айтилди.

ЎзА