250 минг нафар қиз олий таълимга қамраб олинади

196

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг сифатли таълим олишига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

–Мен бир фикрни такрор ва такрор айтишдан сира ҳам чарчамайман. Битта қизни ўқитсак, бутун оилага таълим берган бўламиз. Агар оила билимли, маърифатли бўлса, жамиятнинг онги, маданий даражаси ҳам юксалади,– деди Президент Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар байрамида сўзлаган нутқида.

Юртимиздаги 203 та олийгоҳ талабаларининг 52 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этаётгани мана шу эзгу ғоянинг амалий натижаси, экани қайд этилди. Ўтган йилнинг ўзида магистратурада ўқиётган 15 мингга яқин хотин-қизга 100 миллиард сўмга яқин контракт пули тўлаб берилди.

Ҳозирги вақтда 6 минг 200 дан ортиқ хотин-қизлар илмий фаолият билан шуғулланаётгани, илмий ишланмаларнинг 25 фоизини олима аёлларимиз яратаётгани ҳам, жамиятда уларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Уларнинг орасида халқаро даражада эътироф этилаётган илм-фан вакилларининг борлиги барчамизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди, ёшларимизни янги-янги ютуқларга ундаши таъкидланди.

Масалан, таниқли микробиолог олимамиз Дилфуза Эгамбердиева шўрланган тупроқда серҳосил экинлар етиштириш бўйича олиб борган илмий тадқиқотлари учун ЮНЕСКОнинг нуфузли Карлос Финлей халқаро мукофотига сазовор бўлди.

–Аёллари ўқимишли ва касб-ҳунарли бўлган юртда тинчлик ва тараққиёт бўлади. Аёллари маърифатли бўлган халқ, албатта, бахтли бўлади,–деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис, ҳар бир оиладаги қизлар боғча, мактаб билан тўлиқ қамраб олиниши, замонавий касб-ҳунар ва чет тилларини эгаллаши, олий маълумотга эга бўлиши учун бундан буён ҳам барча шароит яратилиши айтилди. Хусусан, бу йил 250 минг нафар қиз олий таълимга қамраб олинади. Бу 2017 йилга нисбатан 3,5 карра кўп. Натижада ҳар бир маҳалладан 25-30 нафар хотин-қиз олийгоҳларда таълим олиш имконига эга бўлади.

Бунинг учун Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Умарова ҳар бир мактабда юқори синфда таълим олаётган қизларимиз билан ишлашни индивидуал ёндашув асосида ташкил этиб, уларни олийгоҳларга тайёрлаши қайд этилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари бу йил шароити оғир оилалардаги иқтидорли ёшларни хорижда ўқитиш бўйича “Ёрқин келажак” лойиҳаси бошланишини маълум қилди. Ушбу лойиҳа доирасида камида 200 нафар қиз ҳар йили дунёнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юборилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидов, Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов тизими эса яна 250 минг нафар хотин-қизни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун масъул бўлиши айтилди.

ЎзА