Ёш хоккейчиларимиз жаҳон чемпионатида тенгсиз

667

Жорий йилнинг 28 февраль – 6 март кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида 20 ёшгача бўлган хоккейчилар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз муваффақиятли иштирок этди.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, ушбу мусобақада Ўзбекистон хоккей терма жамоаси жаҳон чемпионати III дивизиони «Б» гуруҳида ЖАР термасини 12:0, Люксембургни 12:1, Туркманистонни 8:2, Босния ва Герцеговинани 11:3 ва Таиланд терма жамоасини 3:2 ҳисобида енгди.

Бунинг натижасида ўз гуруҳида юз фоизлик натижа қайд этган хоккейчиларимиз келаси мавсумда U18 жаҳон чемпионатида III дивизионнинг “А” гуруҳида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шунингдек, чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси сардори Жасурбек Рустамхонов 5 ўйинда 22 очко (14 гол + 8 ассист) жамғариб, турнирнинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди.

Маълумот ўрнида: Апрель ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Арманистонда ўтадиган жаҳон чемпионатида ўз дебютини ўтказади. Хоккейчиларимиз IV дивизионда ўтадиган баҳсларда иштирок этади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА