Сўровнома: қоғоз сарфи қачон камаяди?

513

Ер юзида дарахт кесилишининг асосий сабабларидан бири қоғоз ишлаб чиқаришдир. Йилига дунё бўйлаб ўртача 7 миллиард туп дарахт қоғоз ишлаб чиқариш учун кесилар экан. Бу ёввойи табиатнинг йўқолиши ва карбонат ангидрид (CО2) миқдорининг ортишига олиб келади.

Маълумотларга кўра, энг кўп қоғоз истеъмоли таълим муассасаларида экан. Бугунги кунда ўқув муассасаларида қоғоздан камроқ фойдаланиш, ишлатилган қоғозни қайта ишлаш учун саралаш долзарб ҳисобланади. Ҳар йили бутун жаҳон бўйлаб талабалар ва ўқитувчилар томонидан фойдаланиладиган қоғоз миқдори жуда катта бўлиб, бу атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатади.

Айни муаммо дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги ОТМ ларда бир неча йиллар илгари кўтарилган. Курс иши, диплом иши каби қоғоз ишлатиладиган жараёнларни электрон тизимга ўтказиш бўйича катта ишлар ҳам қилинган ва бу жараён давом этмоқда. Натижада электрон таълим платформалари, онлайн топшириқлар ва баҳолаш тизимлари, электрон ҳужжат айланиши ҳамда масофавий таълимнинг ривожланишига эришилди. Бу эса қоғоз сарфини камайтиришга ва таълим жараёнини янада самарали қилишга ёрдам бермоқда.

Хусусан, АҚШнинг кўпгина университетлари, жумладан, Гарвард, Станфорд университети ва Массачусетс технология институти (MIT) электрон таълим платформаларидан фаол фойдаланади ва талабаларга топшириқларни онлайн топшириш имкониятини беради. Баъзи университетлар қоғозсиз имтиҳонларни ҳам жорий қилган.

Буюк Британиянинг Оксфорд ва Кембриж каби бошқа етакчи университетлари ҳам электрон таълим платформаларидан кенг фойдаланади ва талабаларга топшириқларни онлайн топширишни тавсия қилади. Австралиянинг Мелбурн ва Сидней университетлари ва бошқа етакчи таълим муассасалари ҳам барқарорлик сиёсатини олиб боради ҳамда қоғоз сарфини камайтиришга қаратилган турли хил ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида курс иши, диплом иши каби қоғоз ишлатиладиган жараёнларни электрон тизимга ўтказиш масаласи жуда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ва онлайн топшириқлар ҳамда баҳолаш тизимлари жорий этилган. Натижада курс ишлари, рефератлар ва бошқа топшириқлар электрон шаклда топширилиб, ўқитувчилар томонидан онлайн баҳоланади. Бу қоғоз сарфини камайтириш билан бирга, баҳолаш жараёнини тезлаштиради ва шаффофликни таъминлайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳит тозалигини сақлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг доирасида таълим муассасаларида қоғоз сарфини камайтириш борасида тизимли ишлар қилингани, рост. Хусусан, Kundalik.com электрон таълим платформасини жорий этиш ва HEMIS ахборот тизимининг ишга туширилиши ҳам маълум маънода қоғоз сарфини анча камайтирди. Қолаверса, эндиликда Президент топшириғи асосида Регистратор офисларининг ташкил этилиши эса олийгоҳларда барча қоғоз билан боғлиқ ишлар электронлаштирилишига замин яратади.

Аммо тан олиш керак, бугун ОТМларда қоғоз истеъмоли ҳамон юқорилигича қолмоқда. Курс ишлари, мустақил ишлар, рефератлар, имтиҳонлар, маъруза ва бошқа ўқув материаллари учун қоғоз ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши айни ҳақиқат. Бунда иккита асосий муаммо мавжуд: 1. Талабалар ва ўқитувчиларнинг қоғозни тежаш бўйича етарли билимга эга эмаслиги. 2. ОТМларда қоғозни тежашга қаратилган дастурларнинг йўқлиги ёки самарасизлиги.

“Зиё форум” илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш халқаро фонди қоғоз сарфини камайтириш, экологик таълимни ривожлантириш ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш мақсадида талабалар учун экологик акциялар, танловлар, конференциялар ташкил этиб келмоқда. Форум қошидаги “Авлод медиа” маркази талабалари ОТМларда талабалар ўртасида қоғоз истеъмоли ва уни камайтириш йўллари бўйича сўровнома ўтказди.

Сўровномада минг нафардан ортиқ талаба иштирок этиб, ўз таклиф ва ташаббусларини билдирган. Унда ОТМларда қоғоз истеъмолини камайтириш зарурлиги, ўқув материалларини электрон шаклга ўтказишдаги афзалликлар, қоғозни қайта ишлаш тизимида талабалар кўмаги, экологик таълим ва маданиятни ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирларини кўпайтириш лозимлиги билдириб ўтилган.

Натижалар таҳлили асосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига таклифлар тайёрлаб киритилган.

Ушбу таклифлар Ўзбекистон ОТМларида қоғоз истеъмолини камайтириш, экологик таълимни ривожлантириш ва, асосийси, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшишига шубҳа йўқ. Ишонамизки, вазирлик фаол талабаларнинг таклифларини кўриб чиқади ва амалий чораларни йўлга қўяди.

Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири