Тест синовларида 1,5 миллион нафардан зиёд талабгорнинг иштироки таъминланди

361

Маълумки, давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича имтиҳонларни “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказиш йўлга қўйилди.

Бунда абитуриентларни рўйхатга олиш 2 қисмга бўлиниб, 1-босқичда фақат тест топшириш учун керакли маълумотлар тўлдирилади ва абитуриент тест синовида иштирок этиб, тўплаган балини билганидан сўнг, ўз билимидан келиб чиққан ҳолда ўзига мос олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини танлаш имкониятига эга бўлади. Натижада олий таълим муассасаларига янада билимлироқ абитуриентлар танлаб олинади.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан 2024 йил давомида 50 дан ортиқ турдаги тест синовлари ташкил этилиб, унда 1,5 миллион нафардан зиёд талабгорнинг билими синовдан ўтказилди. Республика бўйича жами 805 минг 688 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилди. Абитуриентларнинг 410 минг 415 нафари жорий йил битирувчилари, 395 минг 273 нафари олдинги йиллар битирувчилари бўлиб, уларнинг 422 минг 399 нафарини хотин-қизлар, 383 минг 289 нафарини эркаклар ташкил этди.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори маслаҳатчиси Жавлонбек Нурматовнинг маълумотларига кўра, шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳалари мутахассисларини сертификатлаш ҳамда олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурларига қабулда 2-босқич чет тили имтиҳонларини қоғоз шаклдан компьютерда электрон шаклда ўтказиш йўлга қўйилди. 9 та умумтаълим фани бўйича миллий сертификат имтиҳонларида қатнашган талабгорлар сони 136 минг 56 нафарга етди.

Қайд этилишича, 15 та умумтаълим фанидан 103 минг 146 та, 110 та махсус фандан 34 минг 226 та ҳамда миллий сертификат бериш учун 9 та умумтаълим фанидан 1 минг 485 та тест топшириғи шакллантирилди ва экспертизадан ўтказилди.

Раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича 1 минг 29 нафар талабгор учун тест синовлари ташкил этилди.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА