Mobil-ID тизими қандай ишлайди ва унинг афзалликлари нимада?

Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам давлат хизматларини кўрсатишда коррупциянинг олдини олиш, бюрократик ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, давлат хизматларини кўрсатишда замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомиллардан воз кечиш, инсон омилини қисқартириш, қоғозбозликка барҳам бериш орқали хизматлар даражасини ошириш борасидаги чора-тадбирларни қайд этиш мумкин.
Президентимизнинг 2022 йил 20 апрелдаги «Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу соҳадаги муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, ҳужжатда аҳолига давлат хизматларини қулай ва осон усулларда кўрсатиш кўламини ошириш ҳамда фуқароларнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олиш, давлат органларининг ахборот тизимидаги маълумотларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланган.
Унга кўрa, 2022 йил 1 августдан бошлаб, давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг амалдаги тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Mobil-ID тизими жорий этилиши белгиланди.

Хўш, бу тизим қандай ишлайди ва унинг афзалликлари нимада, деган савол туғилиши табиий.
Mobil-ID тизими «Электрон ҳукумат» тизимидан фойдаланувчиларни идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади. Шахсни Mobil-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора томонидан ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали амалга оширилади.
Mobil-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан бевосита Давлат хизматлари маркази ёки нотариал идорага мурожаат қилинганда шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси тақдим этилади ҳамда Давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора ходими томонидан фуқаронинг юзи рақамли форматда фотосуратга олинади, электрон тарзда қўл бармоғининг изи олинади ва мобил телефон рақами Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетга уланади.
Яна бир қулай жиҳати шундаки, Mobil-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловасидан фойдаланганда масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо қўлланилади ҳамда мобил телефон рақами Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетга бепул уланади.

Содда қилиб айтганда, Mobil-ID тизими бу одамнинг юзи, ундан ҳеч нарсани яшириш ҳам мумкин эмас. Барча жараёнлар ана шу тизимда мужассамлашади. Шундай экан, бу тизимга ўтиш орқали бюрократик тўсиқлар, маъмурий инсофсизликлар бартараф этилади. Яна бир муҳим ва зарур жиҳати шундаки, қоғозбозликка чек қўйилади. Мамлакатимизда «Инсон қадри учун» эзгу ғояси амалга оширилаётган экан, Mobil-ID тизими бу саъй-ҳаракатларни оқилона ва адолатли йўлга қўйишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
М.Турақбоев,
Нукус шаҳри Адлия бўлими Давлат
хизматлар марказининг бош мутахассиси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги