Аёлларнинг зийраклиги, тезкорлиги ва билими синовдан ўтказилди

288

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши билан ҳамкорликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар хотин-қиз ходималари учун “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Божхона бошқармаси, Миллий гвардия, ҳарбий қисм ва Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг хотин-қиз ходималаридан таркиб топган 6 та команда иштирок этди.

Зукколик, тезкорлик, юқори билим ва салоҳият талаб этувчи мазкур интеллектуал ўйин қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.

Тадбир жамоаларни бирдамлик ва аҳилликка чорлаб қолмасдан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идоралари ходимларининг ҳам дўстлашишига замин яратди.

Ўйин якунида, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги биринчи, Ўзбекистон Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Қўриқлаш бошқармаси иккинчи, Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақа якунида ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги