Қадрдон аёлларимизга эҳтиром кўрсатилди

338

Ўзбекистон Республикаси Олий судида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтиб, видеоконференцалоқа режимида ўтказилган ушбу тадбирда бир гуруҳ хотин-қизлар, суд фахрийлари, судя ва ходимлар иштирок этди.

Тадбирда Олий суд раиси Б.Исломов аёлларни самимий қутлар экан, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда, уларнинг оғирини енгил қилиб, муносиб турмуш тарзини яратишга қаратилган улкан ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Таъкидлаб ўтилганидек, ҳар бир жамият ва халқнинг маданияти нечоғлик юксак эканлиги, маънавий баркамоллиги энг аввало, аёлларга бўлган муносабат, уларга кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор билан белгиланади. Чунки аёл деганда, аввало ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда меҳрибон оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз ва латофатли қизларимизнинг нурли чеҳраси намоён бўлади.

Шунинг баробарида аёллар оиламиз бекаси, миллатимиз давомчиси ҳисобланган фарзандларимизни оқ ювиб, оқ тарайдиган, уларга муносиб тарбия берадиган меҳрибон ва оқила зотлардир.

Бугунги кунда юксак билим ва малакага эга оқила аёлларимиз суд тизимида ҳам турли лавозимларда самарали фаолият юритиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Суд тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг 31 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади, судяларнинг 15 фоизи аёл судялар ҳиссасига тўғри келади. Олий судда эса бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этади.

Эътиборлиси, 2017 йилда аёл судяларнинг сони 115 нафарни ташкил қилган бўлса, сўнгги йилларда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда аёл судяларнинг сони 225 нафарга етди. Ҳозирда ушбу кўрсаткичларни янада яхшилаш ва суд тизимида гендер тенгликка эришиш бўйича мақсадли ишлар олиб борилаяпти.

Чиндан ҳам бугунги кунда аёл судя ва ходимлар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятимизда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Тадбирда Олий суд раиси ўринбосарлари ва масъул ходимлар ҳам ушбу нафосат ва назокат байрами муносабати билан қадрли ва эъзозли аёлларимизга самимий тилаклар билдирди.

Тантанали тадбирда бир гуруҳ аёл суд фахрийлари, судя ва ходимлар Олий суд раисининг махсус Фармойиши билан таъсис этилган “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.  Улар орасида Қорақалпоғистон Республикаси судининг судяси Гаўҳар Зарипова ҳам бор. Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов мазкур мукофотни ўз эгасига тантанали равишда топширди.



Шунингдек, бир гуруҳ аёл судя ва суд ходимларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги