Ўғлонлар Ватан ҳимоясига йўл олди
Нукус шаҳридаги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг 55 метр баландликда ўрнатилган давлат байроқлари олдидаги майдонда чақирув ёшига етиб, саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган бир гуруҳ қорақалпоғистонлик ёшлар армия сафига тантана билан кузатилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Раҳматулло Раҳмонов, куч тузилмалари вакиллари, кенг жамоатчилик, ёшлар ҳамда чақирилувчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун биринчилардан бўлиб йўл олган 200 нафарга яқин мард ўғлонни тантанали кузатиш маросимида сўзга чиққанлар она юртимиз чегара сарҳадлари ишончли қўлларда эканини эътироф этиб, қорақалпоғистонлик ёшларга юксак ишонч билдирди. Она Ватанни қўриқлаш ҳар бир йигит кишининг муқаддас бурчи экани, бундай масъулиятли вазифа энг сара ўғлонларга насиб этиши таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев ўз нутқида бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга берилаётган катта эътибор ҳар жабҳада намоён бўлаётганини, ўтган йили 235 нафар қорақалпоғистонлик ёш муддатли ҳарбий хизматга бориб, олий ҳарбий таълим муассасаларга ўқишга киришда ўзи тўплаган баллардан 50 фоизини қўшимча сифатида берадиган ҳамда бошқа олий таълим муассасаларига квота асосида ўқишга киришда енгиллик яратадиган ҳарбий қисм командирининг имтиёзли тавсияномаларига эга бўлганини эътироф этди. Ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўтган йили имтиёзли тавсиянома олганлардан 5 нафар қорақалпоғистонлик йигит ҳарбий билим юртларига, яна 149 нафари бошқа таълим даргоҳларига ўқишга кирганини фахр ва ифтихор билан тилга олди.
Тадбир якунида ҳарбий хизматга кетаётган ўғлонларга Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори томонидан ювиниш анжомлари ва шахсий гигиена воситалари жамланмаси ҳамда “Аскарга эслатма” китобчаси тарқатилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири