Давлат хизмати: матбуот анжумани ўтказилди

Нукусда давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилишнинг очиқ, шаффоф тизими, шунингдек, ушбу соҳада Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар натижаси юзасидан Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижроси ҳақида сўз борди.
Жумладан, давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари А.Реимбаев ва бошқаларнинг таъкидлаганидек, давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар бўлинмалари республикада кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизматининг замонавий тамойилларини жорий этишда энг муҳим бўғин ҳисобланади.
Қарор билан, давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар бўлинмаларининг асосий вазифалари белгилаб берилди. Жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кадрларни саралаб олиш, шаффоф ва адолатли тартибини жорий этиш, ходимларнинг мансаб поғоналаридан кўтарилишда меҳнат фаолиятини ахлоқ-ирода сифатлари, иқтидори ва кўникмаларини объектив баҳолашга асосланган тенг имкониятлар яратишдир. Шунингдек, кадрлар салоҳиятини доимий ривожлантириш, давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касбий одоб-ахлоқни, коррупцияга қарши туриш маданиятини шакллантириш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, мунтазам асосда кадрларнинг профессионал даражасини ошириш, бунда уларнинг узлуксиз таълим олишини ташкил этиш каби вазифалар илгари сурилди.
Қорақалпоғистон Республикасида Миллий кадрлар захирасига киритиш учун жами 69 нафар номзоднинг рўйхати шакллантирилди ва 19 нафари мобил захира учун танлаб олинди. Кадрлар захирасига олинган 5 нафар номзод юқори лавозимларга тайинланди. Уларнинг тизимли фикрлаш, вақтдан унумли фойдаланиш, ижтимоий интеллект, жамоавий ишлаш, чет тилини ўрганиш ва китоб мутолааси бўйича олти ойга мўлжалланган шахсий ривожланиш режалари ишлаб чиқилган.
Шаҳар ва туман раҳбарлик лавозимлари учун Истиқболли кадрлар захирасига 139 нафар номзоднинг рўйхати шакллантирилди. Улардан 136 нафари апрель-май ойларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликларида икки ҳафталик стажировка ўтади. Ўтган йили улардан 21 нафари, шунингдек, салоҳиятли кадрлар захирасига киритилган 45 нафар номзоддан 8 нафари юқори лавозимга тайинланди.
Ўтган йил мобайнида 1 минг 197 нафар ходимнинг малакасини ошириш таъминланди. Шунингдек, “Маҳалла еттилиги” учун 452 та фуқаролар йиғинда ўтказилган 43 та семинарда 2 минг 90 нафар ходим иштирок этди. Вазирлик ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан 19 та ўрганиш ва мониторинг ўтказилди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 10 та тақдимнома, 7 та огоҳлантириш ва 1 та маъмурий таклиф киритилди. Бундан ташқари, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун талабларини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлардаги 454 нафар ходим тиббий хатловдан ўтказилиб, хавф гуруҳларига ажратилди.
Йил якуни бўйича барча сектор раҳбарларининг фаолияти Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг “samaradorlik.uz” электрон платформасида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳоланди.Аҳолининг сектор раҳбарлари фаолиятидан қониқиш даражасини аниқлаш мақсадида аҳоли ва фуқаролар йиғинлари раислари орасида ижтимоий сўровнома ўтказилди.
Филиалга ўтган йил давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан 24 та мурожаат келиб тушиб, улар қонунчилик ҳужжатлари асосида ҳал этилди. Шунинг билан бир қаторда, Телеграмдаги vacancy_argos_bot каналига ҳамда филиалнинг ишонч телефонига келиб тушган 8 мингдан ортиқ мурожаатга ўз вақтида жавоб берилиши таъминланди. Шунинг фаолиятни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиш бўйича 600 дан ортиқ тарғибот тадбири амалга оширилди.Янгидан тайинланган туман ҳокимлари учун экспресс-тренинглар ташкил этилди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА











