Мақсад – ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш

266

“Тадбиркор аёл“ халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан “German Sparkassenstiftung for Internatsional Cooperation” ташкилоти билан ҳамкорликда ёшлар ва хотин-қизларнинг билим ва кўникмаларини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Жумладан, “Ўзбекистонда аграр секторни кучайтириш ва етарли молиявий хизматларни кўрсатиш орқали қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида  ташкил этилган “Бизнес режа тузиш ва банк суҳбатларини ўтказиш” мавзусидаги ўқув-семинарларида  Оролбўйидан шу кунгача 700 нафардан ортиқ ёш ҳамда хотин-қиз билим ва кўникмаларини оширди, – дейди “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими раҳбари Назира Елибаева. – Ўтган йили Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлигининг (BMZ) молиявий кўмагида Нукус шаҳридаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг “Дўстлик уйи”да ёшлар ва хотин-қизлар учун ташкил этилган бизнес ўқув маркази муҳим аҳамият касб этди. Замонавий  мебель ҳамда техник жиҳозлари билан таъминланган ушбу ўқув хонаси минтақадаги тадбиркорликка қизиққан ёшларни ва хотин-қизларнинг молиявий, иқтисодий ва тадбиркорлик билимларини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўқув тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида барча ўқув материаллари ва жиҳозлари билан дала семинарлари, очиқ осмон остида турли форматдаги тадбирлар ўтказиш мақсадида “German Sparkassenstiftung for Internatsional Cooperation”  ташкилоти томонидан “Тадбиркор аёл” ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимига  1 та Дамас русумли ўқув автотранспорт воситаси тақдим этилди.

Жорий йил февраль ойида Нукусда  “Фермер хўжалиги бизнес ўйини” ва “Микро бизнес ўйини” номли 6 та бизнес семинар-тренинги ўтказилди. Ундан кўзланган мақсад, тадбиркорона фикрлаш ва ҳаракат қилишни, микрофирмаларнинг қийинчиликлари ва имкониятлари ҳамда уларга қандай муносабатда бўлишни, бухгалтерия ҳисоби ва назорат қилишнинг асосий принципларини ўргатишдан иборат. Шунингдек, иштирокчилар мижозларни тушуниш ва маркетинг бўйича асосий билимларни ривожлантириш, бозор динамикаси ва рақобат, микромолия ташкилотлари ва мижозлар ўртасидаги кўникмаларини шакллантириш бўлиб ҳисобланади.

Семинарлар давомида иштирокчилар молиявий билимларни ошириш ва ўз бизнесини бошқариш, янги бизнес имкониятларни аниқлаш ва маҳсулотлар билан танишиш, бозорни зарур инвестициялар билан кенгайтириш ҳамда даромадни ошириш юзасидан кўникмаларга эга бўлди. Шунингдек, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги тадбиркорларининг саводхонлигини ошириш, шу орқали уларнинг молиядан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқишдан иборат.

Тадбирлар доирасида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими ўртасида тадбиркорлик соҳасида талабаларнинг билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Семинар-тренингни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга ташкилотчилар томонидан сертификатлар топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири