Болалар қувончи барчанинг қувончи

Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида бир кунда учта мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизнинг энг олис, чекка ҳудудларида ҳам замонавий усулда жиҳозланган давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари барпо этилиб, болажонларнинг бахтли келажаги учун хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш орқали аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Туманнинг “Пахтачи” ҳамда “Чўпон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ушбу қарор ижроси доирасида янгидан барпо қилинган 36- ҳамда 37- давлат мактабгача таълим ташкилотлари, “Қилчиноқ” овул фуқаролар йиғинидаги “Сапаргул, Дилфуза, Шириной” давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил қилинган мактабгача таълим ташкилотининг фойдаланишга топширилиши аҳоли учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирларда туман ҳокими В.Ниязимбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Б.Óтемуратов ва бошқалар йиғилганларни янги мактабгача таълим ташкилотларининг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.

Таъкидланганидек, юртимизда барча соҳалар қатори таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу асосда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш ишлари янги босқичга кўтарилиб, энг олис, чекка ҳудудларда ҳам боғчалар барпо этилмоқда. Янгидан фойдаланишга топширилган мактабгача таълим ташкилотлари ҳудуд болаларининг соғлом ва навқирон авлод бўлиб етишишига хизмат қилади.
Тадбир иштирокчилари янги мактабгача таълим ташкилотларида яратилган шароитлар билан танишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири