Дзюдо: янги бош мураббийлар тайинланди

184

Бир неча йил давомида Ўзбекистон эркаклар ва аёллар термаси жамоа бош мураббийи лавозимида самарали фаолият юритиб келган Илиас Илиадис, шунингдек, аёллар терма жамоасида ишлаган германиялик Марко Спиттка ва япониялик Микки Танака билан шартнома муддатлари якунланди.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутасаддилари янги мураббийлар масаласида бир нечта номзодларни кўриб чиқди.

Ўрганишлар таҳлилидан келиб чиқиб,  ҳамюртимиз Андрей Штурбабин аёллар, эстониялик мутахассис Алексей Будолин дзюдо бўйича эркаклар миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди.

Ҳар икки мутахассис билан шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Айтиш лозим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий Андрей Штурбабин 2005-2017 йиллар давомида миллий терма жамоамизда бош мураббийи лавозимида фаолият кўрсатган даврда Ришод Собиров, Диёрбек Ўразбоев, Абдулла Тангриев сингари спортчиларимиз Олимпия ўйинларида жаҳон чемпионатларида муносиб натижаларга эришган.

Давлатимиз томонидан «Шуҳрат» медали, «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан мукофотланган А.Штурбабин Халқаро дзюдо федерацияси томонидан 2011 йилнинг энг яхши мураббийи, деб топилган.

Эстониялик мутахассис Алексей Будолин дзюдочилик фаолияти давомида “Сидней-2000” Олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган. Жаҳон чемпионатларининг кумуш ва бронза медали совриндори. Европа чемпиони ҳамда тўрт маротаба совриндори бўлган.

Мураббийлик фаолияти мобайнида Эстония терма жамоаси (2013-2016)да ишлаган. 2017 йилдан шу кунгача эса Швейцария терма жамоаси бош мураббийи лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Т.Рўзиев, ЎзА