Ғарб матбуоти Украина ҳақида

182

SkyNews: Қарийб бир йил аввал ваколат муддати тугаган Украина Президенти Владимир Зеленскийни алмаштириш осон кечмайди. Унинг эҳтимолий сайловда иштирок этишининг олдини олиш қийин.

– Мени алмаштириш осон эмас, чунки бунинг учун шунчаки сайлов ўтказиш етарли бўлмайди, – деган у Лондонда британиялик журналистлар билан суҳбатда. – Менинг (сайловда) иштирок этишимга тўсқинлик қилиш керак ва бу бироз қийин кечади.

The New York Times: АҚШ Президенти Дональд Трамп америкалик расмийлар билан учрашиб, Киевга қарши чора кўриш, жумладан ҳарбий ёрдамни тўхтатиш масаласини кўриб чиқади.

– Трамп душанба куни ўзининг миллий хавфсизлик бўйича бош маслаҳатчилари, жумладан Давлат котиби Марко Рубио ва мудофаа вазири Пит Хегсет билан Украинага нисбатан сиёсатни кўриб чиқиш ва эҳтимол, чора кўриш учун учрашади, – деб ёзган мухбир Трамп маъмурияти расмийсига таяниб.

Блумберг: Буюк Британия ва Франция яқин кунларда Трампга Украинага тинчликпарвар кучлар киритилишида иштирок этиш ва хавфсизлик кафолати беришга тайёр “Европа плюс” номли давлатлар гуруҳини тақдим этиш ниятида.

Бош вазир Кей Стармер Украина келишувини ҳимоя қилиш ва тинчликни кафолатлашни хоҳлайдиганлар коалициясини тузиш учун ҳамма иш қилинишини айтди. Унинг таъкидлашича, бундай кафолатни АҚШ ҳам қўллаб-қувватлаши керак.

CNN: Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ва Дональд Трамп ўртасидаги учрашувга тайёргарлик тезлашди.

Қолаверса, нашр Оқ уйда юз берган тортишувни АҚШ етакчиси маъмурияти Зеленскийни обрўсизлантириш ва кейинги музокаралардан четлатиш мақсадида уюштирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

WSJ: Агар АҚШ ёрдам беришдан бош тортса, Украина ҳозирги жанговарлигини яна бир неча ой сақлаб қолиши мумкин. Вашингтон ёрдамисиз ушбу мамлакат асосан Европадаги иттифоқчилари ва ўз мудофаа саноатига таянишига тўғри келади. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва “ер-ер” баллистик ракеталари каби замонавий Америка қуролларининг айрим турларини қисқа муддатда алмаштиришнинг иложи йўқ. Бу борада Европа ҳам етарли миқдорда ёрдам бера олмайди.

Украина расмийларига кўра, мамлакат сўнгги ойларда ички қурол-яроқ саноатини сезиларли даражада кучайтириб, армияга бир йилда 30 миллиард долларлик қурол етказиб бериш қувватига эга бўлган. 2024 йил мамлакатда 1,5 миллион дрон ишлаб чиқарилди, бу йил охиригача 3000 ракета ва 30 000 узоқ масофага учувчисиз учадиган қурилма тайёрланади.

Guardian: Украина тинчлик шартномасини имзолаш учун ҳудудий ён бериш вариантини тан олмайди, деб баёнот берди Владимир Зеленский якшанба куни Лондонда бўлиб ўтган Европа мамлакатлари саммитидан кейин.

Унинг қўшимча қилишича, ҳатто тинчлик келишувига эришишга ҳаракат қилинган тақдирда ҳам Украина ўз ҳудуди Россияга қўшиб олинишини ҳеч қачон тан олмайди.

Рейтер: Украина Президенти Владимир Зеленский ҳамон нодир ер ости металлари бўйича келишувни имзолашга тайёр. У Трамп билан муносабатни асраб қолиш мумкинлигига ишонишини айтди: Фойдали қазилмалар битимини имзолашга тайёрлигимиз ҳақидаги фикр ҳали ўз кучида ва АҚШ ҳам бунга тайёрлигига ишонамиз.

Америка томони фикрича, ушбу ҳужжат ноёб ер ости фойдали қазилмалари, нефть ва газни қазиб олиш ва ташиш, шунингдек Украина ҳудудида инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.

С.Раҳимов,ЎзА