Пиллачиликда хотин-қизлар имкониятлари кенгаймоқда (+видео)

Пиллачилик ипак қурти боқиш, пилла етиштириш мажмуи бўлиб, қишлоқ хўжалигининг ипакчилик саноати учун хомашё етказиб берадиган асосий тармоқларидан бири ҳисобланади. Мазкур соҳа сердаромад бўлгани учун ҳам мамлакатимизда пилла етиштириш кенг йўлга қўйилган. Хусусан, ҳозирда пилла етиштирувчи етакчи давлатлар ичида Ўзбекистон 3 ўринни эгаллаб турибди.
Бунда албатта, соҳа ходимларининг билим ва тажрибаси муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, айни кунларда юртимизнинг барча вилоят ва туманларида пиллачилик соҳасида хотин-қизларни ўқитиш мақсадида ўқув-семинари ташкил этилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг “Пиллачилик соҳасида аёлларни босқичма-босқич иш билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори ижроси доирасидаги мазкур ўқув-семинарлари Тошкент, Бухоро, Сурхондарё, Хоразм, Фарғона, Наманган вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бўлиб ўтди.
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан хитойлик ва вьетнамлик ҳамкор мутахассислар билан биргаликда ташкил этилган семинарларда “Агропилла” МЧЖ раҳбарлари, бош пиллакор агрономлар, кластерлар, касаначилар ҳамда лидер пиллачи хотин-қизлар иштирок этди.
Семинарда пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, хонадонларга тарқатилган пилланинг тўғри парваришини йўлга қўйиш, ўрма тутзорлар ташкил қилиш ва уй шароитида тайёр ипак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тушунчалар бериб ўтилди.
Шунингдек, семинарларда пиллани Вьетнам ва Хитой тажрибаси асосида саноат усулида етиштиришни йўлга қўйиш бўйича хорижлик мутахассислар томонидан онлайн маърузалар тингланди.
Бу каби ўқув-семинарлар ҳар чоракда ўтказилиши режалаштирилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА