Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан алоқалар мустаҳкамланмоқда
Юртимизда техник тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, малакали кадрлар тайёрлашдаги қўшма лойиҳалар ўз самарасини бериб келмоқда.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг «Ўзбекистонда Европа Иттифоқининг GSP+ имтиёзлар тизимидан самарали фойдаланиш» лойиҳаси раҳбари Асел хоним Узагалиева билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда кўп қиррали муносабатлар, хусусан, соҳага грантлар ва техник кўмакни жалб қилиш, илғор халқаро тажриба асосида савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, GSP+ Имтиёзлар тизимидан самарали фойдаланиш каби юртимизда амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълумотига кўра, мулоқот давомида Ўзбекистон стандартлар институти ҳамда Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази фаолиятини такомиллаштиришда зарур бўлган лойиҳалар юзасидан тақдимот қилинди ва мавжуд лабораториялар фаолияти билан таништирилди. «UzTest» маркази лабораторияларидаги шарт-шароитлар халқаро стандартлар ва меъёрий талабларга мослиги GIZ вакиллари томонидан эътироф этилди.
Томонлар бундан буён ҳам агентлик ва GIZ ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатни ишга солишга тайёр эканликларини билдирди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА