Зулфия номидаги Давлат мукофоти – қизларимиз ҳаётида улкан ижтимоий ҳодиса

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, олий ўқув юртлари, кутубхоналарда Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним таваллудининг 110 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Зулфияхоним ижоди ва фаолияти, унинг номи билан таъсис этилган Давлат мукофотининг мамлакатимиз қизлари ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти хусусида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова қуйидаги фикрларни билдирди.

– Баҳор – ўз нафосати, таровати билан дунёга янгиланиш, сурур ва шукуҳ бағишловчи фасл. Бу фасл оналаримиз, қизларимиз, дилбар аёлларимизнинг байрами билан, уларни улуғлаш билан бошланишида албатта рамзий маъно бор. Чунки аёл зотининг ўзи баҳор билан уйғундир! Баҳор фасли ҳар йили буюк шоирамиз Зулфия Исроилованинг таваллуд аёмини нишонлаш билан бошланиши йилдан-йилга анъанага айланиб бормоқда.
Ўзбекистон халқ шоири, таниқли жамоат арбоби, Жавоҳарлаъл Неру номидаги халқаро мукофот соҳибаси, халқаро «Нилуфар» мукофоти совриндори Зулфия Исроилованинг босиб ўтган ҳаёт йўли, ижоди ва айниқса, ҳар бир ўзбек қизига, нафақат ўзбек қизи, балки, шарқ қизларига ўрнак бўладиган маънавий дунёси, ахлоқий қиёфаси халқимиз томонидан юксак баҳоланиб келинмоқда.
Зулфия истеъдоди умуммамлакат адабиётида алоҳида ҳодисадир. Тарихий қисмат шарқ аёлининг овозини жаҳон минбарига олиб чиқиш шарафи ва заҳматини Зулфия зиммасига қўйди. Бу масъулият унинг ижод уфқини ва ҳаёт тарзини белгилади, таниқли жамоат арбоби сифатидаги, тинчлик ва халқлар дўстлигининг жарчиси сифатидаги ўрнини таъминлади.
Шоиранинг ҳаёт йўли ва ҳаётнинг ҳар не зарбаларида ҳам вафо ва садоқат билан ўз эътиқодига, халқига содиқ қолгани шоирани маънавий жасорат соҳибаси сифатида улуғлади. Ҳассос шоир — Ҳамид Олимжон билан кечирган қисқа турмуши, ундан жудо бўлиб қолиши, умуман, шоиранинг ҳаёт йўли садоқат ва вафо тимсоли бўлиб қолди.

Аёлни муқаддас билиш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, озод ва обод юртимиз келажаги бўлган ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор эътироф этиш, баркамол, оқила хотин-қизлар авлодини вояга етказиш, улар орасидаги иқтидорли ёшларнинг адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари, тенгдошларининг миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларга эътиқоди юксалиши йўлидаги ибратли фаолияти, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди.
Ҳозирга қадар юртимизнинг юзлаб истеъдодли, изланувчан ва ташаббускор, фаол қизлари ҳар йили баҳорнинг илк кунларида ушбу юксак мукофот билан тақдирланадилар. Зулфия номидаги Давлат мукофоти бугун мамлакатимиз қизларининг ўлчовига, эзгу ғояларини амалга ошириш воситасига айланди.
Ушбу мукофот мамлакатимиз қизларининг ҳаётида улкан ижтимоий ҳодиса бўлди. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида бу каби иқтидорли қизларга давлат ғамхўрлигининг тимсоли бўлган мукофот қайд этилмаган.
Зулфия номидаги давлат мукофоти 2000 йилдан буён иқтидорли қизларга таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари соҳалари ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқлари учун бериб келинмоқда. Шу пайтгача 452 нафар хотин-қизлар ушбу мукофотни олишга муваффақ бўлди.
Маълумки, бу йил Зулфияхонимнинг 110 йиллик таваллуди халқимиз томонидан энг чекка қишлоқларда ҳам нишонланмоқда ва бу шукуҳ давом этмоқда.
Зулфия ижоди миллионлаб кишиларга муҳаббат ва садоқатдан сабоқ бермоқда, садоқат ва вафо рамзи бўлиб яшамоқда. Камалак етти рангда етмиш хил жилоланиб, барчани мафтун қилганидек, Зулфия тонгнинг ўзидай рост ва ёрқин хақиқатга йўғрилган поезияси билан садоқат ва вафо туйғусини инсонийлик, комилликнинг бош мезони даражасига кўтарган.
Халқнинг дарди билан ёниб куйган инсонлар одамлар қалбига ўз ҳайкалларини, сиймоларини ўрнатиб кетадилар. Бу ҳайкални унутиб ҳам, қалблардан олиб ташлаб ҳам бўлмайди. Уларни ҳар эслаганда юрагимиз тубидаги энг ширин хотиралар қайта жонланади. Зулфияхоним ҳам одамлар қабига ўз сиймосини, ҳайкалини ўрнатиб кетган улуғ шоира, маърифатпарвар, садоқат бобида беназир ўзбек аёли эди. У баҳор сингари ҳар қачон қалбимизга ёруғлик ва зиё таратиб кириб келаверади.
Албатта, оила юмушлари, фарзанд тарбияси билан бирга, турли соҳа ва тармоқларда фидокорона хизмат қилаётган опа-сингилларимизнинг меҳнатини муносиб қадрлаш доимо давлатимиз эътиборида.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан кейинги йилларда хотин-қизларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда олий маълумотли қизлар сафини кенгайтириш мақсадида бир қанча имкониятлар, имтиёзлар ва шарт-шароитлар яратилмоқда. Ҳозирги кунда олий таълим муассасалари талабаларининг 52 фоиздан зиёдини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Магистратурада ўқиётган талабалар ўртасида қизларнинг улуши салкам 62 фоизни ёки 25 минг нафарни ташкил этмоқда.
Чунки аёлларнинг, хусусан, қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши оила бахти, фарзандлар камоли учун, шу асосда бутун жамият равнақи учун хизмат қилади. Зеро, қизларимизни ўқитиш, уларни бирон бир касб эгаси бўлиши, жамиятдаги бир қанча муаммоларга қарши кураш учун тўғри йўл ҳисобланади. Оилавий ажримларнинг олди олиниши, эрта турмуш, эрта туғуруқ, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ва ҳоказолар учун илм энг одилона ечим бўла олиши мумкин.
Битта қизни ўқитиш орқали Ватан равнақи учун муносиб фарзандлар тарбиялай олувчи оналар сафини кенгайтиришга шак-шубҳасиз муносиб ҳисса қўшган бўламиз!
ЎзА мухбири
Н.Усмонова ёзиб олди.