Сув текин эмас, уни бесамар ишлатманг

289

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев ва Вазирлар Кенгаши раисининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги вазири Ш.Тешаев раҳбарлигида сувдан оқилона фойдаланиш ва сув ресурслари тежамкорлиги, сув танқислиги муаммосини бартараф қилиш масалаларига оид йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 8 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 апрелдаги “Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурсларининг ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда мониторингини юритиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг ижроси танқидий муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган “сув – текин” тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда қўлланиладиган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идораларга ҳудудларда сувни истеъмолчиларга адолатли ва тенг равишда етказиб берилишини таъминлаш, сув ресурсларининг ҳисоби ва ҳисоботининг ҳаққоний юритилиши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда истеъмолчиларга кўмаклашиш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг сувга бўлган талабларини тўлиқ таъминлаш бўйича аниқ вазифа ва кўрсатмалар белгилаб берилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири