IT соҳасини ривожлантириш масаласи муҳокама этилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев IT йўналишида фаолият олиб бораётган соҳа вакиллари билан учрашди.
Унда Жўқорғи Кенгеси Раиси дастлаб сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, қаратилаётган эътибор ва яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида тўхталди ва галдаги режалар бўйича фикрлашди.

Учрашувда IT хизматларини тақдим этиш, масофавий хизмат кўрсатиш, IT маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ишлар талаб даражасида эмаслиги таъкидланиб, вазифалар ижроси танқидий кўриб чиқилди. Унда ўз вазифасини бажаришда камчиликларга йўл қўйган масъулларнинг тегишли жазо чораларига тортилиши, шунингдек, юқори натижаларга эришган масъуллар рағбатлантирилиши қайд этилди. Шу билан бирга, IT соҳасини янада ривожлантириш, ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш, барча соҳаларда рақамлаштиришнинг аҳамияти юзасидан долзарб масалалар кўтарилди.

Учрашувда 2024 йил давомида юқори натижаларга эришган соҳа вакиллари “Ватан фидойиси”, “Умид учқуни” кўкрак нишонлари ҳамда Жўқорғи Кенгеснинг “Ташаккурнома”си билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири