ЎзА фотомухбирининг навбатдаги кўргазмаси

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазмалар саройида 8 Март – Халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги фотомухбири, Бадиий академия ижодкорлар уюшмасининг аъзоси Махсетбай Хабибуллаевнинг “Умрнинг гултожи, муқаддас аёл!” номли навбатдаги шахсий фото кўргазмаси ташкил этилмоқда.
Таниқли фотомухбирнинг шу кунгача бир қанча ижодий ишлари Ўзбекистон Бадиий Академияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан ташкиллаштирилган кўргазмаларда намойиш этилган. Жумлалан, 2020 йили ўтказилган “Мўйноқ кеча ва бугун”, “Олтин куз”, “Кумуш қиш” онлайн ҳамда 2003 йили 15 октябрь “Халқаро қишлоқ аёллари” кунига бағишланган “Қадри баланд қишлоқ аёли” номли шахсий фото кўргазмалари шулар жумласидандир. Шунингдек, 2024 йил август ойида унинг Тошкент Фотосуратлар уйида ўтказилган “Мўйноқ: кеча, бугун, эртага” ва 8-декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллигига бағишланган фотокўргазмаларда унинг бир қанча суратлари ўрин олган.
8-март “Халқаро хотин-қизлар куни”га бағишланган “Умрнинг гултожи, муқаддас аёл!” номли шахсий фото кўргазмасида ижодкорнинг жами 80 тадан ортиқ фото сурати жойлаштирилади. Ушбу суратларда асосан Оролбўйи халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб келаётган ва кенг жамоатчиликка танилган фидойи хотин-қизларнинг суратлари томошабинлар назарига тақдим этилади. Аниқроғи таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, миллий қўл ҳунармандчилиги, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган аёллар сиймоси журналистика соҳасининг фото очерк, фото хабар, фото корреспонденция, фоторепортаж жанрлари орқали очиб кўрсатилган. М.Хабибуллаев фотомухбир сифатида Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида ижодий сафарлар давомида ишлаб чиқариш корхоналари, идора ва ташкилотлардаги ишчи ходимлар билан учрашиб, улардаги янгиланишлар ва қўлга киритилаётган ютуқлари тўғрисида тайёрланган фотоматериалларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб келмоқда.
Бир сўз билан айтганда, кўргазмага қўйилган суратлардаги хотин-қизлар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган мамлакатимизни, шу жумладан Оролбўйини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни изчил амалга оширишга ўзларининг билими, иқтидорини ва куч-ғайратини аямасдан қўшаётган фидойилар ҳисобланади. Албатда, мунис ва мўътабар онажонларимиз, дилбар опа-сингилларимизнинг маданий ҳаётини ёритиб берувчи фото суратлар томошабинларни, айниқса ёшларимизни юксак марралар сари руҳлантириши шубҳасиз.
Фотокўргазма жорий йил 5 мартдан бошлаб намойиш этилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири