Дуал таълимнинг имкониятлари кенг

Нукусда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда “Дуал таълимни ташкил этишнинг афзалликлари” мавзусидаги республика форуми бўлиб ўтди.
Илк марта ташкил этилган форумда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган касбий таълим ташкилотлари, вазирлик ва корхоналар мутасаддилари иштирок этди. Тадбир иштирокчилари дастлаб касбий таълим ташкилотларида дуал таълимни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижалари бўйича ташкил этилган кўргазма билан танишди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Б.Қайипбергенов, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳа маслаҳатчиси Ҳирис Кристиан, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Профессионал таълим интеграцияси бошқармаси бошлиғи Ф.Машарипов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларнинг касблар ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратиш, шу билан бирга, касбий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Дуал таълим – иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга истиқболли йўналиш ҳисобланиб, ўқувчи-ёшларга таълимни ўз йўналишига мос келадиган ташкилотда ишлаш билан биргаликда олиб бориш имконини берувчи тизимдир. Бунда ёшлар 2-3 кун таълим муассасасида назарий билимларни эгалласа, 3-4 кун давомида корхона ва ташкилотларда ҳақиқий иш жараёнида амалий кўникмаларга эга бўлади. Аҳамиятлиси, дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчилар корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган вақтда уларга корхона томонидан устоз бириктирилади ва иш ҳақи тўланади. Айни пайтда ушбу тизим Германия, Австрия, Швейцария ва Корея Республикаси каби давлатларда иқтисодиёт тармоқларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Форумда маърузачилар республикада дуал таълимни ривожлантириш истиқболлари, бу борада Германия давлатининг тажрибаси, дуал таълимда ўқувчи, корхона, таълим муассасаси ва мамлакатнинг ҳамкорликдаги ишлари ҳақида маълумотлар берди. Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда 31 та касбий таълим ташкилотида 745 та корхона ва ташкилот билан ҳамкорликда дуал таълим йўлга қўйилган ва уларда 1 минг 716 нафар ўқувчи касб ва мутахассислик сирларини ўрганмоқда.
Тадбир доирасида касбий таълим ташкилотлари билан вазирлик ва корхоналар ўртасида дуал таълимни йўлга қўйиш борасида ҳамкорлик бўйича тегишли шартномалар имзоланди. Форум дуал таълимни амалиётга кенг жорий этишнинг аҳамияти, бу борада мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, соҳада келгусида амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси ва савол-жавоблар билан давом этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА