“Маҳалла еттилиги” депутат назоратида

196

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ЎзМТДПдан сайланган депутат Руслан Джумамуратов Нукус шаҳридаги “Анасой” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, “маҳалла еттилиги” билан учрашди.

Тадбирда депутат томонидан мамлакатимизда қонунчилик соҳасида юз бераётган ўзгариш ва янгиликлар, қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишда “маҳалла еттилиги” томонидан амалга оширилаётган ишлар, фикр ва таклифлар тингланди.

– “Маҳалла еттилиги” – маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторининг иш самарадорлиги уларнинг ҳар бири ўз ишига бўлган масъулиятига бевосита боғлиқ, –  дейди маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Гулнора Есебаева. – Мулоқот давомида ушбу йўналишдаги фаолиятимизнинг янада самарадорлигини таъминлашга қаратилган қатор маълумотга эга бўлдик.

Ҳудудда аҳоли сони 5 минг 865 нафар, оилалар сони 1 минг128 та бўлиб, уларнинг маҳаллий транспортдан фойдаланиш эҳтиёжини қондириш мақсадида 65-сонли йўналишдаги таксилар сонини кўпайтириш, шунингдек, фуқароларнинг томорқалардан унумли фойдаланиш мақсадида оқова сув билан таъминлаш борасида бир қатор мурожаат ва таклифлар билдирилди.

Депутат томонидан ушбу масалаларнинг ижроси тегишли тартибда назоратга олинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири