Қидирувдаги автомашина топилди

Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманлараро судининг 2025 йил 20 январдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Т.Б.дан “Капиталбанк” акциядорлик тижорат банки Нукус филиали фойдасига 182,6 миллион сўм ундириш, уни кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган “TRACKER” русумли автомашинага қаратиш белгиланган.
Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида, қарздорнинг номида бўлган автотранспорт воситаси унинг яшаш манзилида аниқланмаган ва шу сабабли унга нисбатан жорий йил 16 февралдан қидирув эълон қилинган.

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шўъбаси ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган рейд тадбирларидан бирида қарздорга тегишли автомашина Тўрткўл туманида жойлашган автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг биридан топилиб, жарима майдончасига жойлаштирилди. Автотранспорт воситаси ёниб кетганлиги ва ёнғин учирилганлиги айтилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири