Назария ва амалиёт уйғунлиги самара бермоқда

223

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилаётган ўқув лабораториялари ва амалиёт марказлари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди.

Нукус давлат педагогика институти республикада, шу билан бирга, Марказий Осиёда ўзининг узоқ йиллик тарихи ва олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўналишидаги қадриятларига эга бўлган олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда олий ўқув юртида 10 та факультет, 2 та бўлим, 32 та кафедра мавжуд бўлиб, жами 26 та бакалавр таълим йўналиши ва 19 та магистратура мутахассислигида 17 минг нафардан зиёд ёш таҳсил олмоқда.

Бугунги кунда педагогика институтида 600 нафарга яқин тажрибали профессор-ўқитувчи талабаларга таълим-тарбия бериб келмоқда. Улардан 233 нафари илмий даражага эга бўлиб, 2024 йилда 7 нафар фан доктори (DSc), 30 нафар фалсафа доктори (PhD) диссертация иши ҳимоя қилди. Ҳозирда мазкур ўқув юртининг илмий салоҳияти 40 фоизни ташкил этади.

Институтда талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларни ошириш орқали малакали кадрлар бўлиб етишиши учун барча шароитлар яратилган. Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар институтдаги ўқув лабораториялар ва хоналар билан танишди.

Технологик таълим кафедраси ўқув-устахонаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги “Ислом тараққиёт банки иштирокида “Олий таълим муассасаларининг техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жами 70 минг АҚШ долларига яқин маблағ ҳисобидан замонавий асбоб-ускуна билан жиҳозланди.

Ушбу ўқув-устахонасининг ошпазлик, темир ва ёғочга ишлов бериш, тикувчилик каби хоналарида талабалар назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамламоқда. Бу ерда ўқув ва амалиёт дарсларидан ташқари, талабалар учун тўгарак ишлари ҳам олиб борилади. 100 дан ортиқ талабалар ушбу тўгаракларда бўш вақтларини самарали ўтказмоқда. Айни пайтда устахонада робототехника бўйича амалиёт хонасини ташкил этиш ишлари кўриб чиқилмоқда.

Табиий фанлар факультети биология таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун ташкил этилган ўқув лабораторияси медиа-турнинг иккинчи манзили бўлди. Бу ерда талабалар, магистрантлар, докторантлар ва профессор-ўқитувчиларнинг лаборатория ишларини олиб бориш учун Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 592 миллион сўм, шунингдек, 27 минг АҚШ доллари миқдоридаги энг сўнгги замонавий лаборатория техникалари ва асбоб-ускуналари келтирилди.

Медиа-тур иштирокчилари институтнинг 90 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган янги ўқув биносида бўлиб, бу ерда физика-математика факультетининг механика, молекуляр физика, оптика, электромагнетизм, атом ва элементар зарралар физикаси, физика ўқитиш методикаси дарсларига мўлжалланган лаборатория хоналари билан танишди.

Факультетдаги лаборатория хоналари 2019 йилда Германия Федератив Республикасининг “LD Didactic GmbH” компанияси томонидан олиб келинган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, профессор-ўқитувчилар лаборатория машғулотларини белгиланган график асосида ўтиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари институтнинг IT-инкубация маркази фаолияти билан танишди. Ушбу марказ талабалар учун юқори технологик стартап лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун платформа бўлиб, талабалар учун турли консультациялар, мусобақалар ва семинарлар ташкил этилади.

Медиа-тур давомида журналистлар ва жамоатчилик фаолларига ўқув лабораториялари билан биргаликда илмий лабораторияларнинг ишларини йўлга қўйиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА