Ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида мамлакатимиз олий ўқув юртларини тамомлаётган қорақалпоғистонлик талабаларнинг Тошкент шаҳри ва вилоятларда ишга жойлашиши учун зарур шароитлар яратиб бериш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.
Шу асосда Нукус шаҳридаги Оқ қуш мажмуасида олий таълим муассасаларини тамомлаган қорақалпоғистонлик ёшлар учун махсус бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худойбергенов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Муҳаммадиев, Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Захидов иштирок этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи ёшларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор уларнинг бандлигини таъминлашдаги аҳамиятига тўхталди.
Жорий йилда олий ўқув юртларини 21 минг нафарга яқин қорақалпоғистонлик ёш тамомлаши кутилмоқда. Шундан, 10 минг нафардан зиёди Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги олий ўқув юртларини тамомлайди. Меҳнат ярмаркаси олий ўқув юртларини битираётган ана шундай қорақалпоғистонлик ёшларнинг бандлигини таъминлашга, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардаги давлат, шунингдек, хусусий сектордаги бўш иш ўринлари билан яқиндан танишиш имконияти бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Ўтган ўқув йилида олий таълим муассасаларини тамомлаган 2 минг 400 нафардан зиёд қорақалпоғистонлик ёш ишга жойлашиш бўйича мурожаат қилган. Аммо Оролбўйи ҳудудида уларнинг барчасини бандлигини таъминлаш имконияти йўқ. Шунинг учун ҳам ўтказилган тадбир ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очди.
– Ўтган йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг иқтисодиёт факультетини тамомлаб, шу кунгача ишсиз эдим, – дейди Динара Бозорбоева. – Ярмаркада менга Тошкент шаҳридаги Бизнесни ривожлантириш банкига ишга жойлашишга йўлланма беришди. Қорақалпоғистонлик ёшларга мана шундай имкониятлар яратиб бераётган Президентимизга чексиз миннатдорлик билдираман.
Ёшларнинг бизнес ва тадбиркорлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, янги бизнес ғояларни ишлаб чиқишга, инновацион лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш учун маҳорат дарслари, семинар-тренинглар, мутахассислар билан турли мавзуларда учрашувлар ташкил этиш мақсадида “Бизнес марафон” лойиҳаси ўтказилди. Шунингдек, мамлакатимиздаги олий ўқув юртларини тамомлаган ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишини қўллаб-қувватлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликларга ўқитиш мақсадида бизнес саёҳатлар ташкил этилди.
Ярмаркада Оролбўйи шаҳар ва туманларидан 1 минг 270 нафар ёш иштирок этган бўлса, шундан 268 нафарига Тошкент шаҳри ва вилоятларга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Улардан аксарияти Наманган, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги бўш иш ўринларини танлади. Умуман олганда, ўтказилган тадбир кўплаб ёшларнинг орзулари рўёбга чиқишига, келажакка катта мақсадлар қўйишига туртки бўлди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА