Заҳматкаш илм фидойиси

360

Қорақалпоқ тилининг жозибасини жаҳон аренасида тарғиб қилиб, ёшларимиз онгига туркий тилни эъзозлаш, қадрлаш ва асраб-авайлаш ғояларини сингдириб келаётган заҳматкаш илм фидойилари талайгина. Ана шундай илм фидойиларидан бири, жонкуяр олима, меҳрибон устоз – Қорақалпоқ давлат университети Қорақалпоқ тилшунослиги кафедраси профессори, филология фанлари доктори Қарлибаева Гулмира Ермекбаевнадир. 

Мен Гулмирани 30 йил чамаси танийман. Мана шу давр мобайнида Гулмиранинг билимга чанқоқлигининг кўп бора гувоҳи бўлганман. Гулмира олдига қўйган катта-катта мақсадларига эришиб келмоқда. Гулмирани қорақалпоқ халқининг мард, матонатли ва серғайрат қаҳрамони Гулайимга ўхшатаман. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев мамлакатда таълимни ривожлантирмасдан, келажак қуриб бўлмаслигини, энг катта эътиборни айнан таълимга қаратишни, ўқитувчилар обрўси ва жамиятдаги нуфузини оширишга ҳаракат қилишини кўп бора таъкидлаганлар. Гулмира таълимни ривожлантириш учун жонини фидо қиладиган заҳматкаш олима.  Олима бутун умрини қорақалпоқ тили тараққиётига, уни турли ташқи хуружлардан ҳимоя қилишга бағишлаб келмоқда.

Қарлибаева Гулмира Ермекбаевна 1975 йили 3 февралда ҚР Нукус шаҳрида туғилган. У ёшлигиданоқ билимга чанқоқ, ўз олдига қатъий мақсадлар қўйган ва уларга эришиш учун тинимсиз ҳаракат қилмоқда.

1992 йили мактабни олтин медаль билан тугатиб, шу йили Республика фан олимпиадасида қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан ғолиб бўлиб, Қорақалпоқ давлат университетига имтиёзли равишда ўқишга кирган. Талабалик давридаёқ ўзининг ташаббускорлиги, билимга қизиқувчанлиги билан устозлар диққатини тортди. 1997 йили университетни имтиёзли диплом билан тугатган.

1997-1999 йиллар мобайнида 10.02.02. – Туркий тиллар (қорақалпоқ тили) мутахассислиги бўйича аспирантурада, 2014-2017 йилларда эса докторантурада таҳсил олди.

1997 йилдан буён Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида аспирант, ассистент-ўқитувчи, доцент, қорақалпоқ тилшунослиги кафедрасининг катта илмий тадқиқотчи ходими, Қорақалпоқ филологияси факультети аёл-қизлар бошланғич ташкилоти раҳбари (2012-2014 йй.), кафедра профессори бўлиб ишлаб келмоқда.  Г.Қарлибаева  ҳозирда қорақалпоқ тилшунослиги кафедраси профессори, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳузуридаги DSc.03/30.04.2021.Fil.20/01 – сонли Илмий Кенгаш ва Илмий Кенгаш ҳузуридаги Илмий семинар аъзоси. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.02/25.08.2021.fil.137.01 – сонли Илмий Кенгаш қошидаги Илмий семинар аъзоси.

Г.Қарлибаева 2002 йилда “Ажиниёз асарлари тилининг фонетик-морфологик тавсифи” мавзусида номзодлик ишини, 2017 йилда “Ажиниёз асарлари тилининг семантик-стилистик хусусиятлари” деган мавзуда докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. У 2018 йилда доцент, 2024 йилда профессор илмий унвонига эга бўлди.

Унинг тадқиқотига Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг директори, филология фанлари доктори, профессор Н.Маҳмудов, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори, филология фанлари доктори Қ.Содиқов, Самарқанд давлат университетининг профессорлари, филология фанлари докторлари У.Санақулов ҳамда М.Абдиев, Россия Федерацияси Тамбов давлат университети кафедра бошлиғи, филология фанлари доктори, профессор А.М.Шчербак, Озарбойжон Республикаси Боку-славян университети профессори, филология фанлари доктори Н.Мамедов, Туркманистон Фанлар академияси тилшунослик институтидан филология фанлари доктори, академик Мурадгелди Соэгов ва Туркманистон халқ ёзувчиси, филология фанлари доктори Аваздурди Непесов, Қозоғистон Республикаси Б.Бейсенов номидаги Евроосиё давлат университети “Қозоқ тилшунослиги” кафедраси профессори, филология фанлари доктори Г.Сaғидолда ва бошқа кўплаб илмий тадқиқотчи олимлар ўзларининг ижобий фикрларини билдиришган.

Тадқиқоти давомида юзага келган масалалар бўйича Ўзбекистондан ташқари Москва, Челябинск, Австрия, Польша, АҚШ, Германия,   Қозоғистон давлатларининг илмий журналларида, илмий-назарий конференцияларида қатнашиб, жамоатчилик орасида қорақалпоқ мумтоз шоири Ажиниёз асарлари тилининг ўзига хос хусусиятлари бўйича янги фикрларни уйғотди, шоирнинг адабий меросини (асарлари тилининг ўзига хосликларини, сўз бойлигини) дунё илмига олиб чиқди ҳамда бир қанча монографияларнинг муаллифига айланди.

Шунингдек, республика анжуманларида “Ҳозирги филология илмининг долзарб масалалари” (Нукус, 2011, 2013, 2019), “Туркий тилшуносликнинг долзарб масалалари” (Нукус, 2005), “Илм ва таълимга бағишланган умр” Академик А.Давлетовнинг 70 йиллигига бағишланган илмий-назарий анжумани тўплами (Нукус, “Билим” 2012), “Қорақалпоқ давлат университети мустақиллик йилларида” (Нукус, 2017”), Нукус давлат педагогика институтининг Республика илмий-назарий анжумани тўпламлари “Илм ва таълим-тарбиянинг долзарб масалалари” (Нукус, 2016), А.Турабаевнинг 90 йиллиги юбилейига бағишлаб ўтказилган “Филологиянинг долзарб масалалари” (Нукус, 2016), “Филологик тадқиқотлар VII” (Тошкент, 2016), “Қорақалпоқ адабиётининг ёрқин юлдузлари” (Нукус, 2015), “Жамият тараққиётида хотин-қизларнинг ўрни” (Нукус, 2005, 2015 йилда 2 та тезис), “Мустақиллик йилларида бадиий санъат ва маданиятнинг ёшларни тарбиялашдаги ўрни” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари (Нукус, 2016);  шунингдек халқаро конференцияларда, хусусан, Theoretical and Applied Sciences in the USA, held in New York, USA. 8th International Scientific Conference (New York, USA. April 26, 2016), «Актуальные проблемы в современной науке и пути их решения» (№9 (30)  часть 5, Москва, 2016), “Илм ғунчалари” республика илмий-амалий анжуманида (Нукус, 2018),  Туркологиянинг долзарб масалалари: тарих, тил ва адабиёт халқаро илмий-амалий конференциясида (Тошкент, 2018. 11-12-май), “Замонавий таълим илми ва психология” халқаро илмий-амалий конференциясида (Қозоғистон, Остона, 2018. 27 апрель), “Юксак маънавиятли шахсни тарбиялашда хотин-қизларнинг роли” илмий-амалий анжуманда (Жиззах, 2018. 18-19 май), “Хотин-қизларнинг фан, таълим, маданият ва бизнес соҳасидаги ютуқлари” каби илмий-амалий конференцияларда маъруза шаклида тақдим этилиб, таҳрирдан ўтказилган, сертификатлар билан тақдирланган.

Унинг асосий илмий йўналиши Ажиниёз асарлари тилини тадқиқ этиш, шунингдек, қорақалпоқ тилининг тарихи, лингвопоэтикаси, ижтимоий тилшунослик масалаларини ўрганишга бағишланган.

Г.Қарлибаеванинг “Ажиниёз асарлари тилининг фонетик ва морфологик тавсифи” (2012), “Ажиниёз” (2003), “Ажиниёз” (2014), “Ажиниёз асарларида бадиий тасвир воситалари” (2018) каби ўқув-услубий қўлланмалари, шунингдек, “Ажиниёз асарлари тилининг семантик-стилистик хусусиятлари” (2017), “Ажиниёз асарлари тили” (2024) номли монографиялари ҳамда қорақалпоқ филологияси бакалавриат йўналиши талабалари учун “Қорақалпоқ тили диалектологияси” (2019) дарслиги, “Қорақалпоқ тилида миллий кийим-кечак номлари” (2020) ўқув қўлланмаси, 70230101 – Лингвистика (қорақалпоқ тили) мутахассислиги магистрантлари учун “Социолингвистика” (2024) дарслиги, “Ўзбекча-қорақалпоқча луғат”и (2024), бундан ташқари 150 дан ортиқ илмий мақолалари нашр этилган. Бу ўқув қўлланмалар ва дарсликлар ҳозирги кунда тегишли фанлардан маъруза ва амалий машғулотларни ўқитишда кенг қўлланилмоқда. Г.Қарлибаеванинг таниқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғлининг асарларига бағишланган илмий асарлари шоир тилининг ўзига хос хусусиятларини ўрганишда назарий ва амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Чунки, Ажиниёз дурдоналари беқиёс лингвопоэтик ҳодиса сифатида ўз даври тили ва маданий қадриятларини тўлақонли акс эттирадиган адабий манба ҳисобланади.

Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ибратли ҳаёти ва бадиий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ҳамда халқаро миқёсда тарғиб қилиш, ёшларимизнинг ўзлигини англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 июлдаги “Таниқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-258-сон қарори қабул қилинган.  Шу нуқтаи назардан Г.Қарлибаеванинг “Ажиниёз асарлари тили” номли монографиясида қорақалпоқ халқининг буюк мумтоз шоири Ажиниёз Қўсибой ўғли  (1824-1878) адабий меросларининг тили тилшунослик йўналишидан чуқур ва ҳар томонлама тадқиқ этилган. Монография Ажиниёз асарларининг тил хусусиятларини, шоирнинг индивидуал услубини ўрганишда, Ажиниёзшунослик илмининг шаклланиши ва ривожланишида салмоқли хизмат қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6084-сонли Фармонининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси жўқорғи Кенгеси Президиумининг 410-сонли Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида мазкур лойиҳа тайёрланди.  ЖК Президиумининг 410-сонли Қарори 2-иловасига мувофиқ тасдиқланган “2020-2030 йилларда Қорақалпоқ тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш” концепциясининг 2021-2023 йилларда амалга ошириладиган тадбирлар дастурининг 9-бандига мувофиқ қорақалпоқча-ўзбекча ва ўзбекча-қорақалпоқча луғатлар яратиш вазифаси 2022 йилга белгиланган. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида яратилган Г.Қарлибаеванинг “Ўзбекча-қорақалпоқча луғат”идан таълим тизимининг барча бўғинларидаги ўқитувчи, матбуот жамоаси, умуман, кенг китобхонлар жамоаси фойдаланиб келмоқда.  Луғат  лотин ёзувидаги ўзбек ва қорақалпоқ алифбосида тузилган.

Г.Қарлибаева томонидан ишлаб чиқилган ўқув адабиётлари “Янги авлод адабиётларини ишлаб чиқиш талаблари”га тўла мос келади. Ушбу фикрнинг исботи сифатида талабгорнинг “Социолингвистика” номли дарслиги 2023 йили Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, Фан ва инновациялар вазирлиги томонидан чоп этиладиган адабиётлар қаторига киритилганлигини таъкидлаб ўтиш мумкин. Шунингдек, Г.Карлибаева қорақалпоқ тилининг изоҳли луғатини тузувчиси (И,Й) ҳарфларининг ва сўзликнинг VII жилдига масъул муҳаррир. (Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати етти жилдлик. VII том. // Луғат. – Нукус. “Қорақалпоғистон,” 2023- 502-б. ИСБН 978-9943-9141-9-3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2024 йил 22 январ кунги ПО 11-06/5-01/54-сонли маълумотномаси).

У ҳар йили мунтазам равишда маҳаллий телевидениялар орқали интервьюлар бериб, қорақалпоқ тилшунослигидаги янги изланишлар ва йўналишлар ҳамда тилшуносликнинг долзарб масалалари ҳақида ўз маърузалари билан қатнашиб келади. Хусусан, Қорақалпоғистон телеканалида “Тил бойлиги – эл бойлиги” (11.12 2023; 23.09.2024), “Кўнгил лираси” (07.04.2024), “Аҳамиятли суҳбат” (04.10.2024), “Ассалому алайкум, Қорақалпоғистон” кўрсатувларида (8.04.2024; 30.09.2024) буюк бобомиз Ажиниёз Қўсибой ўғли асарлари тили, сўз бойлиги, ўзига хос услубий хусусиятлари ҳақида самарали фикрлари билан иштирок этди. 2024 йил 19 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг Жамоатчилик сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий дастурлари бош таҳририяти томонидан тайёрланган “Талаб ва масъулият”, 26 июл куни “Халқ билан мулоқот” эшиттиришлари орқали “Ажиниёз шоирнинг 200 йиллигини нишонлаш борасидаги тадбирлар” ҳақида чиқиб сўзлади. Шунингдек, “Эркин фикр” кўрсатувларида адабий тил меъёрларидан тўғри фойдаланиш, тилни тоза сақлаш масалалари, “Мерос” радиоэшиттиришида халқ нақл-мақоллари, урф-одат ва анъаналар, уларнинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақида қимматли маълумотлар берди.

Профессор Г.Қарлибаева 2024 йил 14 октябрда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилган “Ажиниёз Қўсибой ўғли адабий меросини ташкил этишнинг долзарб масалалари”, 2024 йил 26 октябрь куни ўтказилган “Ажиниёз-қорақалпоқ адабиётининг фахри” мавзусида халқаро илмий-назарий конференцияларда фаол иштирок этгани учун махсус Сертификат билан тақдирланди. Ҳукуматимиз томонидан Г.Қарлибаеванинг меҳнатлари юқори баҳоланиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Фахрий ёрлиғи (2024 йил, 13 ноябрь) билан тақдирланди.

Г.Қарлибаева жонкуяр олима сифатида ўзининг устозлик маҳорати ва илмий кашфиётчилик қобилияти билан алоҳида кўзга ташланади. Г.Қарлибаеванинг илмий раҳбарлиги остида 3 нафар шогирди филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Қ.Усенова, Ж.Бухарбаева, А.Носирова), 1 нафар шогирди педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Г.Атажанова) диссертация тадқиқотларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар. Магистрлик диссертация ишларига илмий раҳбарлик қилиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган билимли ёшларни тарбиялаб келмоқда. Шунингдек, «Қорақалпоғистонда илм ва таълим» («Science and education in Karakalpakstan») илмий журналининг муҳаррирлар жамоаси аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Г.Қарлибаева ижодий фаолияти билан бир қаторда жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этади.  У талабаларга чуқур билим бериш билан бирга, соғлом авлод тарбиясига, мамлакатимизда жадал олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини, миллий истиқлол ғояларини ёшларимиз онгига сингдиришда жонкуярлик билан иштирок этиб келмоқда.

Асосан, ёшлардан иборат бўлган бу жамиятда таълим-тарбияни тўғри ташкил этиш, ёшларимизнинг маънавий баркамоллиги, билимга интилувчан, жамиятимизга хос инсон бўлиб етишиши учун Г.Қарлибаева жонкуярлик ва шижоат билан кўп йиллар давомида меҳнат қилиб келмоқда.

У 30 йилга яқин меҳнат қилиб келаётган Қорақалпоқ тилшунослиги кафедраси профессори сифатида ўзининг илмий салоҳияти, билим ва тажрибаси, меҳнатсеварлиги билан катта обрў-эътиборга эга. У кафедра ва факультетнинг илмий-ташкилий ишларида ҳам фаоллик кўрсатиб келмоқда. Ҳар йили унинг илмий раҳбарлигидаги зукко талабалар илмий-амалий конференцияларда қатнашиб, тезис ва мақолалари тўпламларда чоп этиб бормоқда.

Г.Е.Қарлибаева ўз касбий маҳоратини оширишга интиладиган педагог. Ҳозирги вақтда ҳам ўқув-услубий қўлланмалар ҳамда илмий мақолалар устида иш олиб бормоқда.  Унинг илмий-педагогик ишлари, устозлик йўли “Ўзбекистон” телеканалининг “Шаңарақ” кўрсатувида, “Қорақалпоғистон” телеканалининг “Ассалом, Қорақалпоғистон!”, “Хабар” ахборот дастурининг 8 март халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган махсус байрам кўрсатувида кенг жамоатчиликка ёритиб берилди.

         Президентимиз айтганларидек, “оқила ва ўқимишли оналар миллатнинг буюк келажагини яратади”.  Ҳақиқатан, Гулмира меҳнат фаолияти билан бирга оилада ҳам намунали рафиқа ва меҳрибон она.

Қарлибаева Гулмира Eрмекбаевна оилали, 2 нафар ўғил, 1 нафар қизнинг онаси.  Турмуш ўртоғи Сансизбой Сапарниязов билан бирга 2 ўғил, 1 қизни тарбиялаяпти.

Қорақалпоқ тилшунослигининг чин маънодаги жонкуяр фидойиси Гулмира бугун 50 ёшни қарши олмоқда. Ярим аср, яъни 50 ёш бу инсон умрининг энг чўққиси, ижод, илм қиладиган балоғат палласи ҳисобланади. Олдинда амалга ошириладиган талайгина илмий тадқиқотлар, илмий педагогик ишлар, дарслик ўқув қўлланма-ю монографиялар чоп этиш, қанчадан қанча шогирдлар тайёрлаш вазифалари турибди.

Гулмира Қарлибаева ўзининг инсоний фазилатлари, фидойилиги, меҳнатсеварлиги, олий даражадаги илмий ва сиёсий билими, шогирдлар тайёрлашда, шунингдек, оилада фарзанд тарбиясидаги ибратли фазилатлари билан катта ҳурмат ва эътиборга эга инсон.

Қорақалпоқ тилининг нуфузи ва салоҳиятини кўтаришда тинимсиз меҳнат қилаётган олима Гулмира Қарлибаевага мустаҳкам соғлик, юксак илмий-ижодий парвозлар тилаб қоламиз.

 

Н.Янгибаева,

         Филология фанлари буйича фалсафа доктори (PhD), доцент

Қорақалпоғистон ахбаорот агентлиги