Тошкент дунё дзюдосининг марказларидан бирига айланмоқда

Пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида бошланган “Катта Дубулға» туркумига кирувчи “OTP Group Tashkent Grand Slam” турнири дунё дзюдо ишқибозлари ва мутахассислари эътиборини яна Ўзбекистонга қаратди.
«Лос-Анжелес-2028» Олимпия ўйинлари йўлида муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган турнирнинг илк кунида иккита эркаклар, 3 та аёллар ўртасидаги вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими чинакам спорт байрамига, дзюдо спортининг ёрқин тантанасига айланди.
Маросим аввалида «Париж-2024» Олимпия ўйинлари ғолиби Диёра Келдиёрова ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. Унда дзюдо спортининг оҳанрабоси, спортдаги ютуқлар нафақат медаллар билан, балки одамларни бирдамликка, соғлом турмуш тарзига, иродани тоблашга қаратилгани билан аҳамиятли экани томошабинлар қалбига руҳий қувват бағишлади.
Тошкент татамиларида шиддатли беллашувларга чоғланган дунёнинг энг кучли дзюдочиларини қутлаш учун сўзга чиққан Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азиз Комилов Тошкент беллашувларининг аҳамияти, Ўзбекистон кейинги йилларда дунё дзюдосининг марказларидан бирига айланиб бораётгани, бу, юртимизда ташкил этилаётган нуфузли мусобақалар шукуҳида, ўзбек спортчиларининг жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларида қўлга киритаётган ғалабаларида намоён бўлаётганини таъкидлади.
Очилиш маросимининг театрлаштирилган томошаларидан сўнг эркаклар ва аёллар ўртасида 5 та вазндаги финал беллашувларига изн берилди.
Биринчи кунги мусобақалар тафсилотига тўхталадиган бўлсак, терма жамоамизнинг 20 нафар спортчиси илк кунги мусобақаларда ўз омадларини синовдан ўтказди.
Саралаш баҳсларида муваффақиятли иштирок этган 9 нафар дзюдочимизда совринли ўринлардан жой олиш имконияти бор эди. Бироқ, уларнинг 7 нафари 60 ва 66 килограммда ярим финалгача етиб келди. Ярим финал остонасида 4 нафар дзюдочимиз 5 ва 7-ўринлардан жой олишга мажбур бўлди.
“OTP Group Tashkent Grand Slam” турнирининг дастлабки кунги баҳслари сарҳисобига кўра, умумжамоада 3 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медалига сазовор бўлган Япония терма жамоаси 23 та давлат орасида 1-ўринда бормоқда. Турнирда конкурсдан ташқари тарзда Халқаро дзюдо федерацияси байроғи остида қатнашаётган жамоа 2 та олтин медаль билан 2-ўринда бораётган вазиятда, 1 та кумуш, 4 та бронза медалига эга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси кучли учликка якун ясади.
Бугун, 1 март куни халқаро турнирнинг иккинчи кунги мусобақаларида эркаклар ўртасида -73 ва -81 килограммда, аёллар ўрасида эса -63 ва -70 кило оғирликда баҳслар ташкил этилади.
Мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат халқаро турнир 2 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА