Курашнинг ривожи қадриятларнинг улуғланишига хизмат қилади

170

Баҳор қиру адирларга яшилликни, боғу роғларга гуллар ифорини бошлаб келиши билан бирга қадриятларимизнинг ажралмас қисми бўлган миллий спорт турларимиз бўйича кенг майдонларда ўтказиладиган қизиқарли беллашувларга ўзгача жозиба бағишлайди.

Уйғониш, яшнаш, яшариш фасли баҳор сингари миллий спорт турларимиз, хусусан, бугун жаҳон спортига айланган кураш аждодларимиз қалб қўрида пайдо бўлди. Ота-боболаримизнинг қон томирларида куч-қудратга тўлди. Халқимизнинг беназир фарзандларининг саъй-ҳаракати, бетиним меҳнатлари, меҳру-муҳаббати ва албатта, Мустақиллигимиз туфайли спорт турига айланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 21 декабрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтирилганидек, ота-боболаримиздан мерос қадриятимизни янги босқичга олиб чиқиш, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, халқаро даражадаги малакали тренерлар ва ҳакамларни тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш тизимида самарадорликка эришиш устувор вазифа саналади.

Шу мақсадда, курашнинг халқаро ривожини, юртимиз ёшлари ўртасида оммавийлигини таъминлаш, маҳоратли курашчи ёшларни саралаш тизимида кўплаб ишлар амалга ошириб келиняпти. Хусусан,  “Прокурор кубоги”, “Маҳалламиз полвони”, “Кураш маликалари”, “Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур” каби мусобақалар  соғлом турмуш тарзини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хорижий давлатларда ўтаётган кураш тадбирлари унинг жаҳондаги мавқеи янада мустаҳкамланишига замин яратмоқда.

Биргина баҳор остонасида Ҳиндистонда ҳакам ва мураббийлар учун “Осиё ўйинларига йўл” дастури доирасида 20 га яқин давлатнинг 50 нафардан зиёд мутахассислари бир ҳафталик назарий ва амалий ўқув-машғулотларда қатнашди. Уларнинг кўпчилиги курашнинг қонун-қоидаси, атамалари, кураш тарихи бўйича ўтказилган имтиҳон натижаларига кўра, “А” ва “В” тоифадаги халқаро сертификатларга эга чиқди. Ушбу мутахассислар турли давлат фуқаролари бўлса-да, уларни “халқаро кураш мутахассиси”, деган ягона ном бирлаштирмоқда. Бу, жаҳон миқёсида ўзбек спорти кураш мутахассислари сафи ортиб бораётганидан далолатдир.

Баҳор ва кураш. Айни навбаҳор фаслининг кириб келиши билан юртимизнинг турли гўшаларида, маҳалла ва қишлоқларида байрам сайллари, тантаналари бошланиб кетади. Бундай шукуҳли онлар, сайилу тантаналар курашсиз ўтмайди, албатта. Шундай беллашувларни, Ўзбекистон байроғидан жило олган яшил ва кўк яктакларда кенг далада, қиру адирлар ястанган майдонда беллашаётган, кураш жозибасини кўрсатаётган полвонларни, уларни олқишлаётган ишқибозларни кўрганда қалбга ғурур тўлади.

Бугун миллий спортимиз ривожига давлатимиз томонидан берилаётган эътибор туфайли юртимиздагина эмас, халқаро майдонда ҳам кураш мусобақалари сон ва сифат жиҳатдан юксалди. Дунёнинг турли давлатларида кураш бўйича ички чемпионатлар, турнирлар, машғулотлар кун ора ўтказилиб турибди. Бу орқали турли элу-элатлар, халқларнинг ёшлари ўзбек спорти кураш орқали соғлом турмуш тарзига ошно тутинмоқда, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилмоқда, ишқибозлар олқишини олмоқда.

Жорий йилнинг 9-14 апрель кунлари Грузиянинг Батуми шаҳрида илк бор кураш бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказиладиган Европа чемпионати кўҳна қитъа спортчиларини ўзбекона қадриятлар теграсида жам этиши ҳам аслида мардлик, жасурлик, бағрикенглик, инсонпарварлик, гуманизм ҳис-туйғуларини жаҳон бўйлаб кенг ёйишга қаратилгани билан қадрли.

Халқаро кураш ассоциацияси маълумотига кўра, чемпионат доирасида ҳакамлар ва мураббийлар учун семинар, Европа кураш конфедерациясининг конгресси ҳамда бошқарув қўмитаси йиғилиши ташкил этилади. Бу, миллий спортимизнинг халқаро ривожини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мазкур чемпионатни юқори савияда ташкил этиш, унда иштирок этадиган хорижий мамлакатларнинг спорт делегацияларини кутиб олиш, хавфсизлигини таъминлаш каби қатор масалалар хусусида Европа кураш конфедерацияси президенти Мераби Илиадес Грузия Спорт вазирлиги, Ажария таълим ва спорт вазирлиги ҳамда Грузия кураш федерацияси мутасаддилари билан учрашиб, муҳим келишувларга эришди.

Айтиш лозим, Батуми Европанинг энг жозибадор туризм марказларидан бири саналади. Қора денгиз соҳилида жойлашган ушбу шаҳар бетакрор тарихий меъморчилиги ва бой маданияти билан сайёҳларни ҳамиша ўзига оҳанрабодек жалб этиб келади.

Батумида ўтиши кутилаётган чемпионат Европада кураш спортининг оммалашишига, ёш спортчиларнинг халқаро майдонда тажриба орттиришига ва кураш орқали маданий меросимиз, Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфаси халқаро майдонда янада ёрқинроқ намоён бўлишига ижобий таъсир кўрсатиши билан эътиборлидир.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА