Миср ва Фаластин Бош вазирлари Ғазони қайта қуриш режасини муҳокама қилди

182

Миср Бош вазири Мустафо Мадбулий кеча Фаластин Бош вазири ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад Мустафо билан учрашиб, Ғазо секторини тезроқ тиклаш ва реконструкция қилиш режасини муҳокама қилди. Бу ҳақда Миср Вазирлар Маҳкамаси баёнотига таяниб, «Ал-Қоҳира янгиликлари» нашри хабар тарқатган.

Мулоқот чоғида Мадбулий Миср томонидан фаластинликларнинг қонуний, айниқса ўз тақдирини ўзи белгилаш ва мустақил яшаш ҳуқуқи қўллаб-қувватланишини эслатди. Ҳукумат секторни фаластинликлар анклав ичида сақлаб қолинган ҳолда тезроқ тиклаш бўйича кенг қамровли режа тайёрлаганини маълум қилди. У мамлакатнинг ўт очишни тўхтатиш келишувини барча босқичлар асосида муваффақиятли амалга оширишга қаратилган интилиши қатъий эканини яна бир бор таъкидлади. Ғазони қайта қуриш орқали айни масалада Фаластин халқи тўлиқ қўллаб-қувватланишини тасдиқлади.

Муҳаммад Мустафо, ўз навбатида, Мисрга самимий қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.

Томонлар Миср ва Фаластин ўртасидаги қайта қуриш режаси 4 март куни бўлиб ўтадиган Араб лигаси фавқулодда саммити олдидан эълон қилиниши зарурлигини маъқуллади. Шунингдек, жараённи назорат қилишга қаратилган саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

М.Пирматова, ЎзА