Пленум қарори Одил судловни самарали амалга оширишга хизмат қилади

Ҳар бир давлатнинг ривожланишида давлат бюджети даромадлари муҳим ўрин тутади. Шундай экан, давлат божини ундириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бу борадаги ҳужжатларга қатъий амал қилиш талаб қилинади.
Шу маънода олиб қараганда Олий суд Пленумининг 2019 йил 25 октябрда қабул қилинган «Маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги қарорига Олий суд Пленумининг 2024 йил 16 декабрдаги 38-сонли қарори билан тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши жуда зарур.
Шу ўринда суд харажатларини ундириш масаласига оид қонунчиликнинг маъмурий судлар томонидан тўғри қўлланилиши ва бир хил амалиётни таъминлаш мақсадида, Пленум қарори замон талаблари ва амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилганлиги ҳақида сўз бормоқда.
Давлат божини ундириш билан боғлиқ амалиёт таҳлили бу масалада ўз ечимини кутаётган қатор муаммо ва тушунмовчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Масаланинг жиддийлиги ва долзарблигидан келиб чиққан ҳолда, қонун нормаларини судлар томонидан турлича талқин қилинишини тўхтатиш мақсадида амалдаги Пленум қарорига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши муносабати билан, ҳужжат қатор янги бандлар билан тўлдирилди. Хусусан, тафтиш инстанцияси жорий этилиши муносабати билан Пленум қарорига янги иккита банд қўшилди. Шуни айтиб ўтиш керакки, айнан ўзгаришларга кўра, Олий суд судьяси тафтиш шикоятини ўрганади.
Ўрганиш давомида юридик аҳамиятга эга бўлган қатор ҳаракатларни амалга оширади.
Шунга кўра, агар давлат божи олдиндан тўланмаганлиги учун тафтиш шикояти қайтарилмаган бўлса, шикоятни Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатларига кўриб чиқиш учун ўтказиш рад этилганда, давлат божи умумий асосларда ундирилиши лозимлиги тушунтирилди. Бундай чора эса амалдаги тушунмовчиликларга ўринли ечим бўлди.
Маъмурий судга мурожаат қилишда тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланган бўлиб, ариза қаноатлантирилганда, агар жавобгар давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса, ишни кўриш натижаси бўйича ундан ундириладиган давлат божининг миқдори ариза берувчи томонидан тўланган сумма билан чегараланиши кўрсатилди. Судлар ўртасида узоқ давом этаётган низоларга чек қўйилиб, амалиётни бир хил қилишга йўл очилди.
Бундан ташқари, Пленум қарорида тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддаси, биринчи қисми 1 ва 11-бандларида назарда тутилган маъмурий судларга бериладиган ариза ва шикоятлар бўйича давлат божи тўлашдан озод этилганлиги сабабли иш якуни бўйича уларнинг талаблари қаноатлантирилмасдан қолдирилган тақдирда улардан, қаноатлантирилган тақдирда, жавобгардан давлат божи ундирилиши тушунтирилди.
Шунингдек, қонуннинг ушбу банди билан тадбиркорлик субъектлари ва юридик шахслар қайси тоифадаги ишлар бўйича судларга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод этилиши ҳолатига аниқлик киритилди.
Шу билан бирга, «Давлат божи тўғрисида»ги қонун талабларидан келиб чиқиб, бир нечта мустақил талабдан иборат бўлган аризалардан давлат божи ҳар бир талаб бўйича, ушбу талаб учун белгиланган тегишли ставкалар бўйича алоҳида ундирилиши, бунда судлар, аризада жавобгарга мажбурият юклашнинг сўралиши алоҳида талаб эмас, балки ҳуқуқни тиклаш чораси ҳисобланишига эътибор қаратилиши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилди. Бу ариза берувчилардан асоссиз равишда ортиқча давлат божи ундирилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, Пленум қарорида бир қанча зарур кўрсатмалар ҳәм қўшимча равишда белгиланди.
Жумладан, жисмоний шахслар нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувини рўйхатдан ўтказишдан бош тортганлиги ёки ушбу орган мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги ёки белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бош тортганлиги устидан низолашиш тўғрисида ариза ёки шикоят билан судга мурожаат қилишда давлат божи пул тўлашдан озод этилмаганлиги сабабли, давлат божи ставкаларига асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида давлат божи тўлаши лозим.
Шунингдек, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб берилган аризалар қаноатлантирилмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан, манфаатини кўзлаб ариза киритилган манфаатдор шахслардан давлат божи ундирилмайди. Ушбу қоида ариза кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилган ҳолатда ҳам қўлланилади.
Пленум қарорида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси молия органлари таркибига кирганлиги сабабли «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддаси, биринчи қисми 6-бандига асосан, барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича давлат божидан озод этилганлиги юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.
Пленум қарорида ўз аксини топган тушунчалар амалиётда ўз ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этишда зарур ҳуқуқий асос бўлади.
Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, апелляция, кассация ва тафтиш протестлари бўйича тўланиши лозим бўлган почта харажатлари ишнинг натижасига кўра, тегишли томондан ундирилиши лозимлиги тўғрисида тушунтириш протестларини асоссиз қайтариш ҳолатларига узил-кесил барҳам беришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Олий суд Пленумининг «Маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги қарорига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар судлар учун жуда зарур. Бу янгиланишлар одил судловни самарали амалга ошириш ва суд харажатларини тўғри тақсимлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
А.Нурлипесов,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги