“Талабалар театр студиялари фестивали” – иқтидорли ёшлар майдони
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талабалар театр студиялари фестивали бўлиб ўтди.
Талаба-ёшларнинг театр санъатига бўлган қизиқишини ва маънавий камолотга йўналтириш орқали амалга оширилаётган маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда иқтидорли ёшларга ўз имкониятларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш мақсадида ташкил этилган фестивалда институтнинг барча факультетларидан жамоалар иштирок этди.
Ҳар бир факультетнинг иқтидорли талабалари гендер тенглиги ва жамиятда тенг ҳуқуқлилик, маҳаллий ва глобал низоларнинг ёшлар ҳаётига таъсири, атроф-муҳит ва экологик муаммолар, ижтимоий тармоқлар ва уларда ёлғон маълумотлар тарқалишининг жамият ҳаётига салбий таъсири ҳақида сўз юритувчи саҳна кўринишларини томошабинлар эътиборига ҳавола этди. Уларнинг саҳна маҳорати ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан баҳоланди.
Фестиваль якунида биринчи ўрин физика-математика факультети, иккинчи ўрин туркий тиллар факультети, учинчи ўрин мактабгача таълим факультети жамоасига насиб этди. Шу билан бирга, тарих факультети “Ҳаётий муаммоларни кўтариб чиққанлиги учун”, бошланғич таълим факультети “Ижтимоий муаммоларни ёритгани учун”, табиий фанлар факультети “Экологик муаммони ёритгани учун”, педагогика факультети “Миллий қадриятларни ёритгани учун”, жисмоний маданият факультети “Ёшлар муаммосини ёритгани учун” ва чет тиллар факультети “Глобал муаммоларни ёритгани учун” номинациялар билан тақдирланди.
Педагогика факультети талабаси Феруза Бекбаулиева “Энг яхши аёл роли”, физика-математика факультети талабаси Нурмуҳаммед Сапарбаев “Энг яхши эркак роли”, туркий тиллар факультети талабаси Азада Узақбергенова “Энг яхши актёрлик истеъдоди” номинациялари ғолиби деб топилди.
Ғолиб ва совриндорларга институт ректорати томонидан диплом ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан совғалар топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири