Инсон саломатлигига зарар келтириши мумкин бўлган 5,5 мингдан ортиқ алкоголь маҳсулотлари йўқ қилинди

242

Аҳолимизни инсон соғлигига зарар етказмайдиган сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, бу орқали уларнинг соғлигини асраш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамасдан, афсуски, инсоннинг кучли заҳарланишига, ҳаттоки, ўлимига сабаб бўлиши мумкин бўлган қўлбола ишланган, ҳеч бир стандарт талабларига жавоб бермайдиган спиртли ичимликларни истеъмолчиларга етказиб бериш ва уларни алдаб сотиш ҳолатлари  учраб турибди.

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими иш юритувида мавжуд бўлган, Жиноят ишлари бўйича судларнинг қарорларига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан олиб қўйилган 5 654 дан ортиқ алкоголь маҳсулотларини йўқ қилиш белгиланган.

Ушбу суд қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Нукус шаҳар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида йўқ қилиниши белгиланган алкоголь маҳсулотлари тегишли идоралар ходимлари иштирокида йўқ қилиниб, суд қарорлари ижроси амалда таъминланди.

Бундан ташқари, шу куннинг ўзида давлатимиз чегарасига ноқонуний равишда олиб кирилган, инсон соғлиғига зарарли бўлиши мумкин бўлган 2 480 та тамаки маҳсулотлари ва 288 та қалбаки акциз маркалар ҳам йўқ қилинди.

М.Қосимова, ЎзА