Ичимлик сувдан муаммолар бўлмайди

253

Оролбўйи аҳолисининг саломатлигини яхшилаш мақсадида тоза ичимлик сувига бўлган талабни қондириш, айниқса, қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Аҳолининг ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш бўйича 2024 йилнинг ўзида республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами лойиҳа қиймати 173,1 миллиард сўм маблағ доирасида жами узунлиги 147,2 километр ичимлик суви ва канализация тармоғи, 24 дона сув иншоотида янги қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада ҳудудларда яшовчи 41,9 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. 10,2 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 апрелдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Нукус ва Мўйноқ туманларидаги аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг сифатли ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 2018 йил 28 декабрда қиймати 145,0 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз битими имзоланди.

Бугунги кунда Осиё тараққиёт банки иштирокидаги ушбу лойиҳа доирасида Амударё туманида қуввати суткасига 40 минг м3 бўлган “Манғит” сув тозалаш иншооти қурилиш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Шартнома қиймати 12,99 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу иншоот қурилиши Хоразм вилоятидаги “Оби ҳаёт инжиниринг” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда.

Дарёдан олинган сув иншоотда сув тиндириш, фильтрлаш ва зарарсизлантириш босқичларидан ўтказилиб, истеъмолчиларга етказиб берилади. Бунинг учун ҳар бири 3 минг куб сиғимликда иккита ёпиқ резервуар, сувнинг сифатини текширувчи лаборатория, сув тиндирилиб тозаланадиган ҳовузлар, хлорлаш станцияси, таъмирлаш устахонаси, гараж ва кириш назорат пункти қурилиши якунланиш арафасида турибди.

Сув тозалаш иншооти қурилиш ишларига ҳар куни 80 нафарга яқин қурувчи ҳамда 30 тага яқин турли русумдаги техникалар қатнашмоқда. Қурувчиларнинг самарали меҳнат қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Улар махсус кийим-кечак ҳам иссиқ овқат билан таъминланган. Бу ердаги лабораториялар ва сувни етказиб берувчи иншоотлар Германия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланади. Уларнинг барчаси автоматлаштирилган тарзда бошқарилади.

Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида Амударё тумани аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 15 та овул ва маҳаллаларда 3 та ичимлик сув тақсимлаш иншооти, 354 километр сув тармоғи, 6 та сув резервуарини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда
11 минг  991 та сув ҳисоблагич ўрнатиш кўзда тутилган. Шартнома қиймати 29,04 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа “Archico” масъулияти чекланган жамияти (Озарбайжон) қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар туманда 90,1 километр магистрал сув тармоғи тортилган.

Таъкидлаш жоизки лойиҳа доирасида туман бўйича 56 минг нафардан зиёд аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади, 22 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА