CIPCC дастури 90 мамлакат журналистларини бирлаштирди

185

Пекинда Хитой Халқаро матбуот маркази (CIPCC) томонидан ташкил этилган 2025 йилги таълим лойиҳасида иштирок этиш учун 90 дан зиёд давлатдан оммавий ахборот воситалари вакиллари йиғилди.

Бу дастур иштирокчилар учун мамлакатнинг бошқарув тизими, анъаналари ва иқтисодий воқелигини ўрганиш, шунингдек ички ва ташқи сиёсатни белгилайдиган асосий тадбирларда иштирок этиш имконини беради.

Анжуманнинг биринчи кунида марказ раҳбари хорижий журналистларга Хитой жамияти, давлатнинг сиёсий тузилиши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнини чуқурроқ тушунишга ёрдам берадиган тўрт ойлик дастур ҳақида сўзлаб берди.

Мазкур анъанавий ташаббус доирасида бутун дунёдан келган ҳамкасбларимиз Чин диёрининг турли соҳалардаги илғор ютуқлари билан танишади, экспертлар, турли соҳа мутахассислари билан учрашади.

CIPCC ёш журналистларга ўз билимини кенгайтириш, касбий малакасини ошириш, шунингдек халқаро медиа ҳамжамиятидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Семинарда Марказий Осиё вакиллари, жумладан ЎзА ходими ҳам иштирок этмоқда.

Нозимбек Мардонов, ЎзА

Хитой, Пекин шаҳри