Ўзбекистон бугунги кунда ISOнинг 17 та техник қўмитасига тўлақонли аъзо

176

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон стандартлар институти томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Маълумки, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларимизнинг сифатини ошириш, жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар Ўзбекистон стандартлар институти олдига ҳам муҳим вазифаларни қўяди.

–Институтимиз томонидан амалга оширилган амалий ишлардан бири, бу жорий даврда Техник қўмиталар фаолиятининг сезиларли даражада ўсганидир, — дейди Ўзбекистон стандартлар институти директори Дониёр Қодиров. – Жумладан, Ўзбекистон стандартлар институтида фаолият юритаётган Техник қўмиталар 25 тадан 32 тага етказилди. IEC – 36 тадан 159 тага етказилди. МГС – 99 тадан – 103 тага етказилди. Бугунги кунда Ўзбекистон 21 та Техник қўмитада иштирокчи ва 138 та Техник қўмитада кузатувчи сифатида қатнашади. Халқаро стандартлаштириш ташкилоти ҳисобланган — ISOда 25 минг 655 та стандарт мавжуд. Унга 172 та мамлакат аъзо ҳисобланади ҳамда унинг 844 та Техник қўмиталари мавжуд. Ўзбекистон бугунги кунда ISOнинг 17 та техник қўмитасига тўлақонли аъзо ва 129 тасида ISO ТК кузатувчи аъзо ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари 2024 йил 10 октябрь куни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишлар ва режалар билан танишишга бағишланган йиғилишда тадбиркорлик субъектларининг 20 минг нафар мутахассисини техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш борасидаги билим, малакаларини ошириш бўйича топшириқ берган эди.

– Ушбу топшириққа мувофиқ қисқа муддат ичида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда Андижон, Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида ўқув-семинарлари ташкил этилди, – дейди  Ўзбекистон стандартлар институти директори ўринбосари Алишер Самижонов. – Тадбиркорлик субъектларининг жами 3116 нафар мутахассиси малакаси оширилди. Қисқа муддатли малака ошириш курсида муваффақиятли қатнашган, тегишли билимларга эга бўлган иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди. Сертификатга эга бўлган мутахассислар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизими ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан беш фоизли чегирмага эга бўлиш имтиёзи белгиланган. Ушбу ўқув курслари йил охиригача республикамизнинг барча вилоятларида ўтказилиши режалаштирилган.

Умуман олганда, стандартлаштириш тизимини такомиллаштириш йўналишида бошланган ва амалга оширилаётган хатти-ҳаракатлар Ўзбекистонга жаҳон маҳсулот ва хизматлар бозори билан фаол ҳамкорлик қилиш ва иқтисодиётни самарали ривожлантириш имконини беради.

Энг асосийси эса, соҳада ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф қилиш, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, саноатни замонавийлаштириш, ишлаб чиқариш ва истеъмол жараёнлари хавфсизлигини таъминлаш, мамлакат ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга имконият яратади.

Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА