Бўш иш ўринлари учун меҳнат ярмаркаси ўтказилди

201

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Президентимиз томонидан шу йилнинг 14 февраль кунги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.

Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ва бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унинг асосий мақсади битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларга касбий йўналиш бериш ва иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш имкониятини яратишдан иборатдир.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг меҳнат бозорига интеграциясини кучайтириш, хусусий сектор ва тижорат банклари иштирокида кадрлар тайёрлаш жараёнини такомиллаштиришда мазкур қарор муҳим аҳамият касб этади.

Ярмаркада давлат ташкилотлари, йирик корхоналар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этишиб, иш фаолияти ҳамда ўзларидаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот беришди. Талабалар ва битирувчилар билан юзма-юз суҳбатлашишди.

Ушбу тадбир битирувчиларнинг келажакдаги касбий фаолиятини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, олий ўқув юрти ва иш берувчилар ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатишга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири