Қайси ҳолларда ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади

114

Ҳуқуқий муносабат

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга жарима баллари ҳисобланади. Агар бу баллар 12 дан ошса, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.  

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидаги ҳуқуқий тушунчаларни берди:  

–Қуйидаги ҳолатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди, жумладан, сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизел ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун, транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузганлик учун ҳамда транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларини бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланади.

Шунингдек, йўл безорилиги учун ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ҳамда (ёки) видео тасвирини уларнинг обрўсизланишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланади.

Шу билан бирга, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошгани учун маъмурий жазо қўлланилади.

Бунда белгиланган ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун транспорт воситаси ҳайдовчисига мазкур ҳуқуқбузарликларда назарда тутилган асосий жазо билан бирга, жарима баллари ҳисобланади. Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балининг энг юқори миқдори 2 баллдан ошмаслиги керак.

Жарима баллари белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳисобланган жарима баллари бир йил ўтгач транспорт воситаси ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда ечилади.

Ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолатларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган тартибда қўшимча жазо сифатида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланди.

Гулноза Бобоева,

ЎзА